Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна мавзуларимиз орқали ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Чунки ҳам муқаддаслик бахш этувчи Исо, ҳам муқаддаслик қабул қилувчи имонлилар ҳаммаси битта Отадандир.
Бу сабабдан Исо уларни биродарларим деб чақиришдан ор қилмайди.” Ибронийларга мактубининг 2 боби 11 ояти. Ушбу ҳақиқат чуқур илдиз отсин. Сиз Худо оиласининг аъзосисиз ва Исо сизни муқаддас қилгани учун Худо сиздан фахрланади.
Исонинг ушбу гаплари мукаммал эди: “Сўнг қўли билан шогирдларини кўрсатиб: Мана, Менинг онам ва укаларим! – деди. Кимда-ким осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирса, у Менинг укам, синглим ва онам бўлади.” Матто Хушхабар китобининг 12 боби 49 ояти.
Худо оиласига киришингиз сиз эга бўлишингиз мумкин бўлган энг катта имтиёздир. Бошқа ҳеч нарса унга тенглаша олмайди. Қачонки ўзингизни кераксиз, севилмайдиган, ёки ҳимоясиз ҳис қилсангиз, кимга тегишли эканингизни ёдга олинг.
Азизлар, агар ёдингизда бўлса Янги Аҳдда инсонлар ишонган пайтларида чўмдирилганлар. Эллигинчи кунда, 3000га яқин киши Исога ишонган кунларида чўмдирилган эди.
Бошқа жойларда, Эфиопиялик бошлиқ ишонган вақтининг ва жойининг ўзида чўмдирилган, ҳаворий Павлус ва Сила филиппилик қоровул ва унинг оиласини ярим тунда чўмдирган.
Агар сиз Раббимиз Исо Масихга ишонган вақтингизда чўмдирилган бўлмасангиз, Исо буюрганидек иложи борича тезроқ чўмдирилинг. Агар бутун ер-мулкимни тақсимлаб берсам, ҳатто баданимни ёндиришга топширсам-у, лекин севгим бўлмаса, менга ҳеч фойдаси йўқ. 1 Коринфликларга мактубининг13 боби 3 ояти.
Муҳаббат — Худонинг амрларига амал қилишимиз дегани. Илоҳий амрнинг моҳияти эса, бошдан эшитганингиздек, муҳаббатга амал қилишимиздан иборат. Иккинчи Юҳанно 1 боб 6 оят.
Бутун ҳаёт севги ҳақидадир. Худо севги бўлганлигидан, У сизга ерда ўргатишни хоҳлаган энг муҳим дарс: “Қандай севишдир”. Севгидагина биз Худога ўхшаймиз, шунинг учун севги Худо амрларининг пойдевори ҳисобланади. “Чунки Илоҳий Қонуннинг ҳаммаси бир сўзда жамланади, яъни: “Ўзгани ўзинг каби севгин”. Ўзини бағишлаб яхши кўриш осон вазифа эмас.
У бизнинг фақат ўзимизга қаратилган табиатимизга қарши ҳаракат қилади. Шунинг учун бизга умр давомида уни ўрганиш буюрилган. Шунинг билан азиз мухлислар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Ҳозирча хайр саломат бўлинг.