3:16

Оналарнинг яна бир муаммоси

MP3

Ассалому алайкум жонкуяр, меҳрибон опа-сингиллар. Болалар ҳаётимизнинг келажаги. Уларнинг борлиги, шодлигимиз ва умидимизнинг давомийлигидир. Аммо улар ёшлигида ҳам улғайганларида ҳам бизга анчагина ташвишлар келтиради. Майли, ташвишлар келтиришса ҳам, уларни барибир жон-дилимиз билан севамиз. Бугун болалар ёшлигида тез-тез содир бўладиган бир ҳижолатли аммо жиддий муаммо ҳақида суҳбатлашамиз. Бу педикулёз, яъни битлаш ҳасталигидир. Буни кўпчилик ҳасталик деб билса, кўпчиликдан кўпроқлар гигиеник эътиборсизлик дейишади. Бу муаммо инсоният тарихида анча илгари бошланган. Аслида битлаш узоқ йиллик «Уруш», «Очарчилик», «Фожеа» ҳасталиклари ўрнида эътироф этилган.

Чунки педикулёз, чиндан ҳам, уруш ва очарчилик даврларида одамлар орасида энг кўп тарқалган юқумли касалликлардан ҳисобланган. Маълумотларга таянадиган бўлсак, хотиржамлик ва тинчлик бўлмаган вақтларда уруш қурбонларига қараганда битлаш сабаб турли юқумли касалликларга чалиниб нобуд бўлган одамлар сони кўп эди. Шунинг учун ҳам бу муаммони касаллик, деб атадик. Бу касаллик ўзи билан яна бошқа касалликларни олиб келиш эҳтимоли бор. Энг ёмони битлаш оғир асорат – тиф, яъни тошмали терламага сабаб бўлади. Тошмали терлама эса оғир кечиши, баъзан инсонлар ўлимига сабаб бўлиши билан ҳам ўта хавфли касаллик саналади. Шунинг учун уруш даврларида иммунитети сусайган, оч-наҳор кун кечирган одамлар бир-бирларидан педикулёзни юқтириб, оғир аҳволда қолишган.

Бу ноқулай муаммонинг тарихини билишнинг нима кераги бор, деб ўйлаётган бўлсангиз керак? Агар эътибор берган бўлсангиз, биз сизларга педикулёз қандай ҳолатларда юқиши мумкинлигини шаъма қиляпмиз. Бу муаммо кўпинча иммунитети сусайган, заиф ва тозаликка риоя қилмайдиган болаларда учрайди. Шу ҳижолатли ҳолатдан узоқроқ юришни истасангиз, фарзандингизнинг соғлиғига, иммунитетининг меъёрида эканига ва тозалигига жиддий эътибор қилишингиз керак бўлади. Яхши биласиз-ки, битлар учмайди, сакрамайди, улар –ўрмалашади. Омма кўп бўлган жойларда, яъни транспорт, дўконлар, сув ҳавзаларида, болалар боғчаси ва мактабларда бир инсондан бошқасига ўтади. Битлар учун, айниқса, узун сочлар қулай ҳисобланади. Шунинг учун бу паразитлар ўғил болаларга қараганда қизларда кўпроқ учрайди.

Бу паразитларни йўқотиш учун икки усул қўлланилади: механик усул ва кимёвий усул. Механик усул ҳамма оналарга жуда яхши таниш. Бунда сочни калта ёки бутунлай олиб ташлаш, майда тишли ёғоч тароқда бит тухумларини тозалаш. Кимёвий тозалашда эса махсус битларга қарши ишлаб чиқарилган аэрозол, малҳам, совун ёки шампунлардан фойдаланиш мумкин. Аммо бундай кимёвий воситаларнинг таъсир кучи юқори бўлгани боис, албатта унинг йўриқномасини синчиклаб ўқинг. Акс ҳолда фарзандингиз соғлиғига путур етказиб қўйишингиз мумкин. Юқорида айтганимиздек, бу ҳижолатли мавзу, бироқ ҳаётимизда шундай ҳолатларга тушмаслик кафолатланманган. Шунинг учун ҳам ҳар бир она бундай пайтда нималар қилиш кераклигини олдиндан билиб қўйиши лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top