Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Азизлар, бугун сизлар билан артрит ҳақида сўз юритишни мақсад қилдик. Ревматоид артрит – бириктирувчи тўқиманинг сурункали яллиғланиш касаллиги бўлиб, асосан бўғимларнинг зўрайиб борувчи эрозив полиартрити сифатида намоён бўлади. Бунинг оқибатида бўғимнинг тузилиши ва функцияси жиддий талафот кўради. Тез орада беморларнинг меҳнат фаолияти пасайиб, ногиронлик гуруҳига чиқишади. Асосан бу касаллик 20-50 ёшларда, аксарият 75 фоиз аёлларда учрайди. Касалликнинг биринчи 3 йилида 50 фоиз беморда ногиронлик гуруҳи қайд қилинади. Беморни кўздан кечираётган шифокор қуйидаги саволларни бериши керак: қачон ухлашга ётади, тез уйқуга кетадими, кечқурун тез-тез уйғонадими, уйғонгандан сўнг бўғимлардаги оғриқлар қанча вақтдан сўнг ўтиб кетади, қўлларини мушт қила оладими, тизза бўғимларида букиш ва ёзиш ҳаракатлари осон бўладими? Артрит билан касалланган беморларда бу ҳаракатларни бажариш қийинчилик билан кечади. Касаллик узоқ давом этганда бўғим капсуласи ҳамда боғловчи комплекслар бўшашиб кетади, мушаклар гипотрафияга учрайди.
Бу ўз навбатида бўғимлардаги турли хил деформацияларни келтириб чиқаради. Артрит касаллиги ривожланиш механизмининг мураккаблиги ва кам ўрганилганлиги, патологик жараён ривожланишида кўп тизимларнинг иштирок этиши касаллик фармакотерапиясида кўпгина муаммоларни келтириб чиқаради. Артрит билан оғриган беморларни даволаш принциплари қуйидагилардан иборат: Касаллик ривожланиши ва зўрайиши сабабларини аниқлаш. Касалликнинг фаол даврида комплекс босқичли даволаш. Артридни даволашда ишлатиладиган антиревматик препаратлар 2 та катта гуруҳга бўлинади – симптоматик ва базис. Симптоматик даво препаратларига яллиғланишга қарши ностероид препаратлар киради. Булардан кўп тарқалганлари салицилатлар, пиразолон препаратлари, индол уксус кислота маҳсулотлари, фенилуксус кислота, пропион кислота ва бошқалар.
Ревматоид артрит касаллиги ривожланишида аутоиммун жараён асосий ўрин тутганлиги учун иммунотерапия муолажаларини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Касалликни хирургик даволаш юқорида таъкидлаб ўтганимиздек ёпиқ иммун яллиғланиш занжирига патогенетик таъсир қилади. Касалликнинг экссудатив босқичларида касалланган синовиал пардани олиб ташлаш турғун ва узоққа давом этадиган ремиссия чақиради. Чунки бунда иммун комплекслар ишлаб чиқарадиган ўчоқ олиб ташланади. Касалликнинг кейинги склеротик босқичида бўғимларда турғун деформациялар ва контрактуралар юзага келади. Бунда кўпинча синовэктомия операциясига қўшимча юмшоқ тўқималарда пластик операциялар бажарилади. Бўғимларда фиброз ёки суякли анкилозлар ривожланганда бўғимларни сунъий бўғим билан алмаштириш мақсадга мувофиқдир.
Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.