Ассалому алайкум мафтункор опа-сингиллар. Вақти вақти билан биз уйимизни тўлиқ тозалашдан ўтказамиз. Аммо фақат хонадонимизни эмас, ўз танамизни ҳам умумий тозалашдан ўтказиб турсак ёмон бўлмайди. Бунда бизга турли хил гиёҳли дамламалар ёрдамга келади. Танамиз ортиқча чиқитлардан, зарарли моддалардан ҳалос бўлса, юзимиз ҳам тиниқлашади, ўзимизни тетик ҳис қиламиз. Бундай ҳолат аёлни яна ҳам гўзал кўринишига сабаб бўлади. Ҳар куни бизни ўраб турган нарсалар сабаб, танамизга бегона нарсалар келиб тушади. Масалан, атрофимиздаги чанг теримизни ифлослантиради, ичаётган сувимиз ёки истеъмол қилаётган озиқ-овқатимизнинг сифатсизлиги туфайли ичимизга турли чиқитлар киради.
Танамиз учун зарарли нарсалар эса организмимизнинг баъзи жойларида тўпланади. Охирида эса ўз таъсирини кўрсатади. Шифокорлар буни заҳарланиш деб аташади. Ҳолсизланиш, ланжлик, бош оғриқлари, кўнгил айниши, ичаклар ишининг бузилиши, нафас олишнинг қийинлашиши, уйқусизлик, асабийлик – заҳарланишнинг умумий кўринишлари ҳисобланади. Четдан келадиган ёт унсурлар биринчи ўринда жигаримизга ҳужум қилади. Чунки жигаримиз организмимизнинг тозаловчиси ҳисобланади. Сиз жигарингизни тозаламоқчи бўлсангиз, гиёҳлар бўйича мутахасиссга учраганингиз маъқул. Ўзингизча турли гиёҳлардан ичиш фойда эмас, зиён қилиши мумкин. Чунки турли гиёҳлар тўплами, ҳар бир одамга турлича таъсир кўрсатади.
Баъзи гиёҳлар танамизда тўпланиб қолган хлор ва нитратларни ҳайдаб чиқарса, бошқалари оғир металлар ва радионуклидларни қувиб чиқаради. Шунинг учун ҳам юқорида айтганимиздек, гиёҳлар бўйича мутахасисс ва шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда гиёҳли дамламалардан қабул қилинг. Яшашимиз учун нафас олишимиз қанчалик муҳим бўлса, биз қабул қилаётган кислород ички организмимиз учун ҳам шунчалик муҳим ва зарур ҳисобланади. Чарчоқни ҳис этиш, ишга яроқсизлик, эрта қариш, хотиранинг сусайиши каби аломатлар танага кислород етишмаслигини кўрсатади. Организмни етарлича кислород билан тўйинтириш учун, нафас олиш органларимизни чиниқтиришимиз керак.
Қандай қилиб дейсизми, спорт билан албатта. Очиқ ҳавода спорт билан шуғулланинг. Сиз эрта тонгда туриб сайр қилишингиз, югуришингиз ёки бирор бир фитнес клубга аъзо бўлишингиз мумкин. Бу танамизни етарли кислород билан таъминлаб, соғлиғимизни ҳам яхшилайди. Аммо ёдингизда бўлсин, кислород фақат ички организмимизга эмас, теримизга ҳам керак. Агар теримиз тўлиқ нафас олишини истасак, ҳафтада1-2 марта юзимизни тозалаб туришимиз керак бўлади. Тозалашдан олдин эса бирор бир гиёҳли ванна қилинг. Терининг ёшлигини ва таранглигини сақлаш учун тез-тез намлантирувчи ва озиқлантирувчи ниқоблардан фойдаланинг. Юзингизга қандай ниқоб тўғри келишини ўзингиз яхши биласиз. Ҳуллас, гўзал бўлиш учун нима талаб этилса, барини қилинг. Муҳими соғлом бўлинг.