Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Руҳшуносларнинг фикрича, бой-бадавлат бўлиб яшаш, бу – омад ёки меҳнатга эмас, кўпроқ феъл-атворга боғлиқ масала экан. Инсон бирор йўналишда тенгсиз бўлишга интилиши ва мақсадига етишида унинг феъл-атвори ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Аслида, «бойиш» деган тушунча йўқ. «Бой феъл-атвор» деган тушунча мавжуд. Инсонни муваффақият, ўз навбатида фаровон ҳаёт тарзи сари бошлаб борадиган энг муҳим омил бу – тўхтамаслик, яъни мақсадга қатъийлик. Конфуцийнинг таъкидлагани каби, модомики тўхтамас экансан, секин ёки тез юришинг муҳим эмас.
Тасаввур қилинг, сиз ўтирган давранинг бир томонингизда ўрта ҳол ва бир томонингизда бой инсонлар ўтиришибди. Уларга қулоқ тутинг. Ўрта ҳол инсонларнинг мавзуси айланиб-айланиб пулга, молиявий қийинчилик ёки оила тебратиш, турмуш икир-чикирлари билан уланиб қолаверади. Улар қийинчиликлардан нолишни, муваффақиятга эришиш осон эмаслигини айтишади. Гарчи, уларнинг фикри, режалари қаршиларида ўтирган бадавлат инсонларникидан муҳим ва жўяли бўлса ҳам, уни амалга ошириш учун ҳафсала ёки саъй-ҳаракатлари ожизлик қилади. Сиз ҳам ўз-ўзидан мана шу оқим бўйлаб сузиб, омадсиз эканингизга ишониб қоласиз.
Энди, ўзига тўқ инсонларнинг суҳбатларига қулоқ тутинг. Уларнинг ўзларига ишончлари нақадар юқори. Улар бир-бирларига навбат бермасдан, фикрни-фикрга улайдилар. Бадавлат инсонларнинг мавзулари ишонч устига қурилади: улар ҳар қандай режани амалга ошириш мумкинлигига ишонишади. Бундай инсонлар даврасида ижобийлик ҳукмрон бўлади.
Эҳтимол, улар ҳам қачонлардир ўрта ҳол даврада ўтирган, бугунги каби дадил гап-сўзлар уларга ёт бўлган бўлиши мумкин. Ана шундай – ўз-ўзини бадавлат қилган инсонлар билан суҳбат эса бутунлай бошқача бўлади. Улар нисбатан камгап, кўп тинглайдиган бўлишади. Уларнинг ишончлари гап-сўзларида эмас, нигоҳларида акс этади. Сиз бойиш учун ҳаракат қилманг. Яхши яшаш учун, ўз йўлингизни топиш ва орзуларингизга эришиш учун ҳаракат қилинг. Бойлик – ким учундир йўналишни топиш учун компас, ким учундир эса уни ёндириб юборувчи, кўзини кўр қилувчи олов. Бойликка эришишда кўр-кўрона ҳаракат қилманг.
Пул-маблағга бойликнинг белгиси деб қараманг. Инсон мол-давлатга эга бўлиб ҳам бойлардек яшамаслиги, аксинча ўрта ҳол бўлиб ҳам бадавлат инсондан фаровон яшаши ҳам мумкин. Мол-давлатга сиз ҳаётни ёруғлиги деб қаранг. Унинг ёрдамида ўзингиздаги ички қобилиятни намоён қилинг ва бошқаларга ҳам яшашларига ёрдам беринг. Биз истаётган фаровон ҳаёт, аввало тасаввуримизда яралади. Шу тасаввурга кўра ўзимизни тарбиялашамиз керак. Хулқимиз ижобий бўлса, ўзимиз кутган бахт, орзу қилган ҳаёт ва бойликни албатта учратамиз.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.