Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Анчадан бери сизга тинчлик бермаётган, каллада пишириб юрган, амалга ошиб қолса жуда муваффақиятли бўлишига ишончингиз комил бўлган бизнес ғоянгиз бор. Аммо уни бошлашингиз учун сизда тажриба ёки, энг асосийси, сармоя етишмайди. Бу галги хикоямизда айнан мана шу сармоя ҳақида гаплашамиз.
Мисол учун, шахсий жамғармангиз.
Сизнинг ёстиқ тагида йиғилиб қолган жамғармангиз ёки у бу жойдан сизга теккан мерос бўлиши мумкин. Албатта ўз ишингизни бошлашингиз учун энг яхши ва қулай йўл мана шу жамғармаларингизни ишга солишдир. Бизнесингизни бундай бошлашнинг ижобий тарафи бу энг аввало ҳеч кимнинг олдида моддий жавобгар бўлмаслигингиз ва энг муҳими барча фойда ва зарарлар фақатгина сизга тегишли бўлишидир. Шунингдек, ўз сармоянгиз билан бизнес бошлашингизда келажак учун ҳам фойда катта. Айтайлик, ишингиз юришиб, янги ғояларни амалга ошириш учун қўшимча сармояга эҳтиёж туғилди, ишни ўз чўнтагингиздан пул тикиб бошлаганингниз сармоядорлар олдида сизнинг бизнесингизга бўлган жонкуярлигингиз исботи бўла олади ва сармоядорларнинг ишончини осонгина қозоншингизга сабаб бўлади. Афсуски баъзан хаёлдаги бизнес лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд жамғарманинг ўзи етарли бўлмайди.
Оила ва яқинлар.
Бизнесни бошлаётганингизда оила ва яқин дўстларингизнинг маънавий ёрдами сизга жуда асқотади. Лекин улардан келиши мумкин бўлган моддий ёрдамга ҳам кўз юммаслик керак. Оила ва яқинлардан олинган қарз одатда қулай шартларда бўлади ва уларни тўлашда қийинчликлар камроқ бўлади. Аммо яқинлар билан олди берди қилаётганда эҳтиёт бўлиш кераклигини ҳам эслатиб ўтамиз. Кейинчалик орага совуқчилик тушмаслиги учун қарзнинг ҳамма шартларини оқ қорага тушуриб кимдан нима кутилаётганини билган ҳолда ҳаракат қилинса фойдадан холи бўлмайди.
Сармоядорлар ёки Спонсорлар.
Яқинларингизнинг қўллаб қувватлаши етарли бўлмаса, кейинги усул сармоядорларга мурожаат қилишдир. Сармоядорлар, ёки ғарбчасига айтадиган бўлсак «фаришталар», одатда сизнинг ғоянгизга пулини тикиб бизнесингизнинг маълум бир улушини сотиб олади. Сармоядор сизнинг танишингиз, эски бошлиғингиз ёки бошқа танишларингиз орқали топган одам бўлиши мумкин. Одатда сармоядорлар икки хил бўлади; баъзилари пулдан ташқари ўз билими, тажрибаси ва таниш билишлари билан ҳам ҳиссасини қўшса, баъзилари эса унчалик сизнинг ишингизга аралашмайди. Бу усулда бизнесингизни молиялаштиришингизнинг шартлари вазиятдан келиб чиққан ҳолда турлича бўлиши мумкин.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.