Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Муқаддас Каломни варақласангиз, у ерда ҳам имонли ва имонсиз аёллар борлигини кўрасиз. Бугунги суҳбатимиз уларнинг иккисига ҳам тегишли бўлган аёллар ҳақида боради. Аёлсиз дунё бунёд бўлмайди. Инсон туғилишида, унинг ўсишида аёлнинг хизмати беқиёс. Шунинг учун ҳам Муқаддас Калом жуда кўп аёллар ҳақида маълумот беради. Ҳар бир аёл ҳақида маълумот берар экан, уларнинг ҳаётидан, хатоларидан жуда кўп муҳим ҳақиқатларни ўрганиб олиш мумкин. Дунё пайғамбарлар даврида ёки Исо Масиҳ даврида қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай ўзгармаган. У аввал ёвузликка ва ёмонликка қандай тўла бўлган бўлса ҳозир ҳам шундай. Фақат ёвузлик қилиш усуллари ўзгарган.
Чиндан ҳам замон тараққий этиб бормоқда. Илм-фан ривожланмоқда бундан ўн йил олдин тасаввуримизга сиғдира олмайдиган нарсаларни ҳаётимизда ишлатмоқдамиз. Бироқ ёвузлик ва ёмонлик ўша-ўшалигича қолган. Дунё шунчалик ёмон бўлса бизни бу умидсиз дунёдан ким қутқарар экан? Бундан ташвишланманг. Каломда шундай бир оят бор:«Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо Ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.» (Рим 8:28) Умид бор. Худовандни севганларга ва Худованд даъват этганларга ҳаётларида содир бўлаётган ёмон нарсалар ҳам яхшилик бўлиб хизмат қилади. Худованд дунёда бўлаётган ёмон нарсалардан ҳам яхшилик чиқаришга қодир. Биз бунинг ҳақиқатлигини аёллар мисолида кўришимиз мумкин.
Шундай аёллардан тўрттасини мисол қилиб келтирамиз: — Тамар, Рахаб, Рут ва Ботшева. Уларнинг ҳикоясини биласизми? Тамар ака-ука бўлган эрлари ўлиб кетгач, насл қолдириш учун қайнотасидан фойдаланган. Рахаб Ерихо шаҳрининг донғи чиққан фоҳишаси бўлган. Рут эса Моаблик аёл бўлган. Мўабликлар Исроилликларга бегона ва душман халқ бўлган. Ботшева эса Худонинг қонунларига қарши чиқиб, Довуд билан гуноҳ қилган. Уларнинг ҳикоясини тингласангиз, қандай жирканчли дейсиз, аммо ўша пайтдаги баъзи ҳолатларни ҳисобга олсангиз, Тамарнинг айби енгиллашади. Тамар турмушга чиққан ҳамма эрлари насл қолдирмаслик учун ўлиб кетди. Оқибатда эса қайнотаси Яҳудодан насл қолдиришдан ўзга чораси қолмади. Ундан эса икки халқ отаси Парас ва Зараҳ туғилди.
Рахаб эса Ерихода фоҳишалик билан шуғулланарди. Бироқ Исроил айғоқчилари келганида, уларга жой бериб, Ерихо аскарларидан яширди. Бу қилганларининг ортида Исроил халқининг Худосига бўлган ишонч бор эди. Кейин эса ўша айғоқчилардан бирига турмушга чиқди. Рут эса Исроил халқининг душмани Моаблик бўлишига қарамай, қайнонаси билан бирга Яҳудога қайтди. У Худованднинг айтганларига итоат қилиб, келажакда туғиладиган Довуднинг катта бувиси бўлди. Ботшева эса Довуд аскарларидан Уриёнинг хотини эди. Шундай бўлса ҳам, Довуд билан бирга зино қилди. Худованд уларнинг бу гуноҳи учун қаттиқ жазолади, аммо кейинчалик уларнинг иккисидан буюк ва доно шоҳ Сулаймон туғилди. Ана кўрдингизми, Худованд ёмонликдан ҳам яхши нарса чиқара олади. Бироқ гуноҳнинг оқибати ҳам бор.