2:52

Гўдак йиғиси

MP3

Ассалому алайкум. Ҳаётимиз мазмуни ва қора кўзимиз гўдакнинг тинмай йиғлаши ҳаммани безовталантирса, ота-онани ташвишга солади. Бугунги суҳбатимизни ёш оналарга маслаҳатлар, деб атасак бўлади. Педиатрларнинг айтишига қараганда, бола йиғисининг тўрт сабаби бор. Эндигина ёшига тўлган кичкинтойнинг тили яхши чиқмаганлиги, сўзларни тўлиқ, аниқ талаффуз қилолмаслиги боис нимани хоҳлаётганини тушунолмайсиз. Аммо бола йиғисининг сабабини билишга ва уни тинчлантиришга ҳаракат қилинг. Уни кузатинг ва йиғлаш сабабини билишга ҳаракат қилинг. Фарзандингизнинг узоқ йиғлашига, айниқса ёлғиз қолганда йиғлашига асло йўл қўйманг.

Йиғлашининг биринчи сабаби қўрқув бўлиши мумкин. Бола қўрқувдан йиғламаслиги учун ҳомиладор она баланд товуш ва чўчиб кетишдан сақланиши керак. Акс ҳолда бу қўрқув болага ҳам ўтиши мумкин ва кейинчалик сал нарсага қўрқадиган бўлиб қолади. Бу ёшда болада ўзига нотаниш бўлган буюмлардан, ҳолатлардан қўрқув ҳисси пайдо бўлади. Дейлик, чангютгич, соч қуритгич шовқинидан, бош ювишдан чўчийди. Кийим алмаштиришга унча ҳуши бўлмайди. Иложи борича болани уни қўрқитадиган товушлардан асранг, токи гўдагингизда қўрқув ҳисси пайдо бўлмасин. Кутилмаганда йиғлаш. Болада кун сайин янги одатлар пайдо бўлади. Уйғонганида, ҳар доим қаршисида онасини кўришга ўрганиб қолган бўлиши мумкин. Борди-ю олдига бошқа одам келса, у чинқириб йиғлайди.

Агар болага иссиқ эмас, совуқ сут аралашмасини берсангиз ҳам у йиғлайди. Фарзандингизнинг одатларини билишга ҳаракат қилинг. Ёқмагани учун эмас, у буни кутмагани учун йиғлайди. Болада ёт холатлар билан биринчи танишув йиғига сабаб бўлиши мумкин. Янгиликларга аста-секинлик билан ўргатинг. Чорасизликдан йиғлаш. Сиз болангизнинг хонасидан чиқиб кетдингиз ёки зарурат юзасидан уни нотаниш кишига қолдирдингиз. У ўз норозилигини йиғи билан ифодалайди. Норозилигининг моҳиятини тушуниб, уни бартараф қилишга урининг. Жаҳл ва ғазаб гўдак йиғисининг кейинги сабаби бўлиши мумкин. Болаларда ночорликдан йиғлаш, одатда, бир ёшга етганда қолади. Унинг ўрнини жаҳл билан йиғлаш кайфияти эгаллайди.

Музлаткич эшигини беҳудага очиб-ёпаётган болангизга: “Тегма!” дея танбеҳ берасиз. Қўли етадиган буюмларни тортиб олавергани ёки идишлардаги нарсаларни тўкиб сочавергани учун койийсиз. Бундай ҳолатда ҳам бола ер тепиб ё хархаша қилиб йиғлайди. Сиз сабр билан унга ўз тилида нима яхши-ю нима ёмонлигини уқтириб боришга ҳаракат қилинг. Бола қандай сабаб билан йиғламасин, унга меҳр билан муносабатда бўлинг. Сабр тоқат ва оналик муҳаббати билан, йиғи сабабларини бартараф қилишингиз, шу билан бирга уни аста-секин одобга ва яхши хулққа ўргатишингиз мумкин. Юқорида берилган маълумотлар фарзанд йиғиси турларини ажрата олишга ва шунга кўра донолик билан иш тутишга ёрдам беради. Она ва бола, оила ва яна бошқа қизиқарли маълумотларни бизнинг www.najot.com сайтимиздан топасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top