MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум биродар. Имон сиз учун нима? Ҳамма бу саволга турлича жавоб бериши мумкин, аммо Муқаддас Каломда Худованднинг Ўзи Павлус орқали имон нимани билдириши аниқ кўрсатган. Павлус шундай дейди: “Ахир, қонуннинг ўзи мени ўлимга маҳкум қилди. Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун ўлганман. Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени яхши кўриб, Ўзини мен учун фидо қилган.” Бу оятларни диққат билан ўқисангиз, имонлининг ҳаёти мазмуни ва унинг имони ҳақидаги ҳақиқат кўз олдингизда намоён бўлади. Унинг бунчалик қаттиқ ишонишига ва кучли имон соҳиби бўлишига нима сабаб? Бунинг сабаби Худо иноятининг ва нажотининг илоҳий ҳақиқат эканлигида эди.

Narrator 2 Чунки Павлуснинг аввалги иш фаолияти ва яшаш тарзига қарасангиз, бундай одамнинг Худо хушҳабарига ишониши имконсиз эди. Бироқ биласизки Худованд учун имконсиз нарса йўқ. Ҳаворий Павлус бу ҳақида ўзи шундай дейди: “Эй биродарлар, сизларга айтиб қўяй: мен тарғиб этаётган Хушхабар инсон ижоди эмас. Ахир, мен бу Хушхабарни инсондан қабул қилмаганман ёки бирор одамдан ўрганмаганман. Уни менга Исо Масиҳнинг Ўзи ваҳий орқали аён қилган. Мен яҳудий динига эътиқод қилиб, қандай ҳаёт кечирганим ҳақида эшитгансизлар. Ўша пайтларда Худонинг жамоатини шафқатсизларча қувғин қилардим, уни қириб ташлашга ҳаракат қилардим. Қавмимдан бўлган кўп тенгдошларимга қараганда, яҳудий динини чуқурроқ тушуниб, улардан анча илгарилаб кетган эдим. Ота– боболаримнинг урф–одатлари амал қилинишига жуда жонкуярлик қилар эдим.

Narrator 1 Аммо Худо менга мурувват қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди. Мен бошқа халқлар орасида Худо Ўғли ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилишим учун, Худо Ўз Ўғлини менга зоҳир қилди. Шунда мен ҳеч бир инсон билан маслаҳатлашмадим. Ҳатто мендан олдин ҳаворий бўлганларни кўришга Қуддусга бормай, дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим.” Мана тинглаганингиздек, у бу Нажот хабарини Худонинг Ўзидан олган ва унинг илоҳий ҳақиқат эканлиги тасдиқланган. Агар билсангиз, яҳудий динига қаттиқ эътиқод қилган ва қонунлар тафсирчиси бўлган фарзийнинг Худованд нажотини қабул қилиши бизга – яқинларимизни Худованд ҳузурида бўлишга умид қилаётганларга катта умид беради. Унинг имони чиндан ҳам ҳаётий ва ҳақиқат эди.

Narrator 2 Худованд уни махсус хизмат учун танлаганига Павлуснинг ишончи комил эди. У шундай дейди: “Аммо Худованд менга иноят қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди.” Агар эътибор қилган бўлсангиз, “онам қорнидаёқ мени танлади”, деган жумла Муқаддас Каломда тез-тез такрорланган. Худованд юрагига яқин бўлган шоҳ ва пайғамбар ҳазрати Довуд Забур китобида шундай ёзган эди: “Ички аъзоларимни Сен яратгансан, Онамнинг қорнида менга шакл бергансан. Сенга шукрона айтаман. Ахир, қандай ажойиб қилиб яратилганман! Сенинг барча ишларинг нақадар ажойиб, Буни мен жуда яхши биламан. Мен пинҳон яратилганимда, Ернинг тубида маҳорат ила тўқилганимда, Суякларим Сендан яширин эмас эди. Кўзларинг кўрганди ҳомила эканимни. Менга ажратилган кунлар келмасдан, Ҳаммаси китобингга ёзилганди.” Сиз ҳам тасодиф эмассиз! Ишончимиз комилки, сизнинг ҳаётингизда ҳам Худонинг режаси бор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top