Ассалому алайкум мунис онажонлар-у, гўзал дугонажонлар. Оналар ҳақида қанча кўп мақтов сўзлар айтсак оз. Оналарнинг нақадар оғир ва беминнат меҳнатини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Она меҳри чексиз. Айнан мана шу меҳр, аёлнинг ҳиссиётга берилишга мойиллиги, баъзида ўз фарзандларига зиён етказиб қўйиши мумкин. Қизимга яхшилик қилаяпман, деб аксинча ҳаётини барбод қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Қиз узатган онанинг юраги ҳалак бўлиб туради. «Қизим яхши юрибдимикан?», «У оилага мослашиб кетдимикан?», «Куёв сал тундроққа ўхшовди, ишқилиб яхши одаммикан?», — деган ҳадиклар она юрагини кемиради. Қиз бирор бир шикоят билан ота уйига кириб келса, она аввал «ташаббус» билан чиқиб, ақлдан озиб, жаҳл отига минади.
Бу ҳолатни урғочи шернинг ҳаракатига ўхшатса бўлади. Урғочи шер болаларини ҳимоя қилиш мақсадида рақибига ташланади. Она ҳам «қизимни ҳафа қилишибди», деган фикр билан ўйламай иш қилади. Қиз эса ҳали ёш. Катталар каби ўйлолмайди. Шундай бўлиши керакдек, мўлтираб тураверади. Ҳамма нарса ўтиб, ҳаёт суви ўз ўзанига қайтганида она-бола қилиб қўйган ишларидан ич-ичдан пушаймон бўлиб ўтирадилар. Қизнинг қайтиши, бу – ота-онанинг, ака-уканинг, опа-сингилнинг юзи ерга қараши деганидир. Истайсизми йўқми, ажрашишнинг бошида икки ёшнинг истагидан ҳам кўра кўпроқ икки томон оналари ўртасида қочган гаплар туради. Яна хоҳлайсизми йўқми, тўйгача келин томон баланд келади, тўйдан кейин куёв тарафнинг айтгани айтган. Буни ҳеч ким шундай бўлсин, деб белгилаб қўймаган.
Қиз томон: «Шундай қизимни бериб қўйибман, қул қилиб ишлатишяти, касал қилиб қўйяпти, ташлаб қўйган қизим йўқ», дейишса, куёв томон: «Менинг оиламга тушганига жон десин, тегирмон тоши юргизаяпманми? Биз ҳам вақтида қилганмиз» дейди. Хуллас ҳар икки томоннинг гапини ноҳақ деёлмаймиз. Бундай ҳақ гапларни айтаётган оналар билишмайдики, мана шу ҳақ гаплар оилани бузишга эмас, тузишга хизмат қилиши кераклигини билишмайди. Икки ёш ажрашаётганида, кўпинча қилғилиқни қииб қўйиб, иш бунчалик жиддийлашиб кетишини ҳаёлларига ҳам келтирмай, энди оналар ишга тушишгач, индамай ота-онасининг кўзига мўлтираб қараб тураверади. Шундай пайтда қизнинг онаси бироз ақллироқ ва меҳри қаттиқроқ бўлиши керак.
Онажон болажоним деб кўтариб улғайтирганингиз энди ё қорнида, ё қўлида боласи билан уйингизга қайтиб келди. Қандай йўл қўйдингиз? Бола боқиш, ўстириш, тарбиялаш қанчалик қийинлигини бошингиздан ўтказгансиз-ку? Сизда эр, қайнона кабилар ёрдамчи бўлган. Нега болангизга энг яхшисини истаб туриб, энг ёмон вазиятга солиб қўйдингиз? Болали бўлмаган бўлса-ку, бахтини топиб кетар, аммо шу вазиятда ҳам яна бир оилага таваккал қилиб узатишни ўйланг. Ҳаммасини бошидан бошлашга сиз тугул қизингизнинг яна сабри етармикан? Ҳа, ўйлаш қийин, бир қарорга келиш ундан ҳам қийин. Ҳеч ҳам чидаб бўлмайди. Шундай бўлмаслиги учун, баъзан катта жанжалларга айланиб кетадиган майда гап сўзларга бир-икки кун индамай турсангиз, сизнинг сабрингиз ва қизингизга берган оқилона маслаҳатингиз туфайли бари барҳам топади.