3:22

Тагликлар

MP3

Ассалому алайкум оналар. Чақалоқ туғилган ҳонадонда қайнона ва келинлар ўртасида замонавий тагликлар, яъни памперслар ҳақида турли қарашлар улар орасида ола мушукнинг ўтишига сабаб бўлиши табиий ҳол. Кекса ёшдаги онахонларимиз таглик ўрнига бешикни ёқласалар, ёш келинлар замонавий тагликлар тарафдори. Хўш, тагликларнинг нимаси яхшию, нимаси ёмон. Бугун мана шу мавзуда сўз юритамиз. Тагликлар пайдо бўлиши билан ёш оналар ҳаёти анча енгиллашди десак хато қилмаймиз. Энди кунига 10 марта боланинг тагини алмаштириб, ювишнинг ҳожати қолмайди. Бундан ташқари, кечаси бола тагини хўллаб қўйса ҳам ота-онаси ва ўзининг ширин уйқусини бузмайди. Хуллас, тагликнинг фойдали томонлари жуда кўп. Лекин бундай тагликлар бола соғлиғи учун хавфли, деган гап ҳам йўқ эмас. Анъанавий тагликлар памперслардан фойдалими? Бу нотўғри мулоҳаза.

Чунки матоли таглик намликни шимиб олиш хусусиятига эга эмас. Бундай таглик боланинг терисини қуруқ сақлай олмайди, қолаверса, мато намланса, юмшоқлигини йўқотади. Натижада боланинг териси қизариб ачишиши мумкин. Замонавий памперслар намликни ўзига тортиб олиб, боланинг терисини қуруқ сақлайди. Агар ундан тўғри фойдаланиб, ҳар 3-4 соатда алмаштирилиб турилса, бола хеч қандай зарар кўрмайди.
Қайноналар памперслар сабаб набираларининг оёқлари қийшайиб қолишидан ҳавотирда. Аммо малакали мутахассисларнинг таъкидлашича, памперслар боланинг тўғри ўсишига хеч қандай зарар кўрсатмайди. Қолаверса, памперслар оёқ ва сон бўғимларига халақит қилмайди. Памперсда тери «нафас олмайди», дейишади. Ҳа бу гапда жон бор. Бироқ, сифатли памперслар ҳаво ўтказиш хусусиятига эга. Улар бошқалардан нархи ва кўриниши билан ажралиб туради.

Муаммо шундаки, доим ҳам сифатли памперс олишга чўнтак кўтармайди. Бундан ташқари, ҳар қанча сифатли ва қиммат памперсдан фойдалансангиз ҳам, ҳар сафар уни алмаштираётганда камида ярим соат боланинг терисига дам беришга одатланинг.
Оналар ўртасида «ўғил болага памперсни кўп кийдириш келажакда бепуштликни келтириб чиқаради» деган гап юради. Аслида-чи? Айнан шу мавзуда изланиш олиб борган олимлар аллақачон памперснинг ўғил боланинг саломатлигига хеч қандай зарар қилмаслигини исботлаб беришган. Агар памперс кийдириш ва гигиена қоидаларига тўғри амал қилинса, албатта. Қизлар учун-чи, улар учун хавфли эмасми? Юқорида айтилганидек памперслар ўғил болалар учун катта ҳавф келтирмайди, аммо қизларга келганда ундан эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Негаки, эътиборсизлик туфайли гўдакда цистит ва бошқа вирусли касалликлар пайдо бўлиши хеч гап эмас.

Шунинг учун мутахассислар ҳар гал қиз боланинг таглигини алмаштираётганда уни албатта, ювинтириш кераклигини таъкидлашади. Шундай экан, нам салфеткани четга суртиб, сувни илитинг ва ширинтойингизни ювинтиришга одатланинг. Маълум бўлишича, бола 12-20 ойлигидан бошлаб тувакка ўтириш даражасига етади. Айнан мана шу пайтда у ўзининг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик сеза бошлайди. Аммо бу бола 1 ёшидан бошлаб, памперс билан бутунлай хайрлашиши керак дегани эмас. Боланинг неча ёшигача памперс кийиши ёшига эмас, бошқа нарсага боғлиқ. Масалан: болани кундузи тувакка ўтирғизиш мумкин, лекин тунда таги ҳўл бўлиб безовталанмаслиги учун эса памперсдан фойдаланиш ўринли. Бундай ҳолатда бола қачонки эрталаб таги тўлиқ қуруқ бўлиб уйғонса, шунда памперс билан ҳайрлашса бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top