Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Имон йўлида юриш бу саргузаштлар ва қийинчиликларга тўла сафар йўлига ўхшайди. Бу йўлда ҳеч ҳам кунингиз бир хилда ва зерикарли бўлмайди. Ҳар куни имон билан ҳал қилишингиз керак бўлган бир муаммо йўлингиздан чиқади. Баъзида эса Худонинг ҳузурини ҳис қилмайсиз. У ҳудди сизни унутган ва ташлаб қўйгандек. Ибодатларингиз бўшлиқ ичида жавобсиз сингиб кетаётгандек. Сиз ҳам имон сафарингизнинг саҳро қисмида бўлганмисиз? Агар шундай бўлса нимани назарда тутаётганимни яхши биласиз. Агар ҳали бу қисмига етиб келмаган бўлсангиз, унда олдиндан билиб олганингиз сиз учун яхши, чунки саҳродан эсон омон ўтиб олгач, унинг ортида сизни нима кутиб турганини билиб оласиз. Демак, бугунги суҳбатимизни диққат билан тингланг. Нега саҳрога тушиб қоламиз? Бунга икки сабаб бор: ё Худонинг бизга қилган ишларини унутганмиз, ё Худо бизни тоблаяпти.
Narrator 2 Ҳар икки ҳолатда ҳам ёрдам берадиган усуллар бор. Сиз ҳам уларга амал қилинг. Худо сизни эшитмаётгандек ҳис қилсангиз ва у сизни ташлаб қўйгандек сезсангиз, унинг ваъдаларини эсга олинг. У сизнинг ҳаётингизда қилган ажойиб ишларини эсланг. Эсингиздами, исроил халқи ҳам Худонинг қудратли ва мўъжизавий йўллар билан уларни Мисрдан олиб чиққанини унутган эди. Баъзан Исроил халқининг ҳаётида Худо қилган ишларни ва ундан сўнг бу халқнинг Худодан юз ўгиргани ҳақидаги ҳикояларни ўқисам, улардан жахлим чиқади: “Қандай қилиб, Худонинг Миср халқига юборган 10 офатидан қутулиб қолган, Қизил денгиздан эсон омон ўтиб олган, кундузи булут устуни ва кечаси олов устуни шаклида Худонинг ғамхўрлиги ва ҳимоясини кўрган, йўқ жойдан манна – самовий нон териб еган бу халқ Худонинг бу қудратли ишларини унутиши мумкин?” Уларни ўта ношукр ва бефаросат халқ деб ўйлаймиз.
Narrator 1 Аммо ҳаётингизга диққат қилиб қарасангиз сиз ҳам улардан катта фарқ қилмаслигингизни кўрасиз. Нега саҳрога тушиб қолдингиз? Худонинг марҳамати ва ажойиботини унутганингиз учун эмасми? Мусо исроил халқини ваъда қилинган ерга олиб киришдан олдин, Худо улар учун нималар қилганини эсга олишларини айтган. “Эгангиз Худо қирқ йил давомида сизни саҳродан олиб юрди, ўша узоқ сафарни ёдингизда тутинглар. Эгамиз юрагингизда нима борлигини, Унинг амрларини бажаришингизни ёки бажармаслигингизни билиши учун сизларни қийинчиликларга дучор қилиб, синади. У сизларни оч қолдирди, сўнг ўзларингиз кўрмаган, ота–боболарингиз ҳам кўрмаган манна билан қорнингизни тўйдирди. Эгамиз сизларга инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан ҳаёт эканини ўргатиш учун шундай қилди. ”
Narrator 2 Демак, Худога яқинлашишнинг биринчи йўли бу – Унинг сиз учун қилганларини эслаш. Иккинчиси, Худони қидириш. Агар ўқишда дарс давомида ўйқусираб ўтирсангиз, ўзингизни мажбурлаб уйғотасиз ва дарсни тинглашда давом этасиз. Руҳий бўшлиқни ҳис қилганингизда ҳам шундай қилинг. Калом шундай маслаҳат беради: “Абадий ҳаётга эришиш мақсадида, имон учун бўладиган улуғ курашда жанг қил. Ахир, Худо сени абадий ҳаётга даъват этган. Сен бу ҳаётга эга бўлиш учун кўп гувоҳлар олдида Исо Масиҳга бўлган имонингни мардларча тан олгансан.” Аниқ биламизки, имон Худонинг инъоми, аммо Калом — эшитиш, Худонинг Каломини эшитишдан келишини ҳам айтган: “Демак, имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан келиб чиқади.” Нажот бу совға, аммо биз шу совғани ривожлантиришимиз керак.