Narrator 1 Ассалому алайкум. Ота-она фарзандлари ўсмир ёшидан то камолот ёшига етиб, ота-онасини тушунадиган бўлгунча бу масъулият қанчалиқ салмоқли ва донолик талаб этишини англашади. Бу йиллар ўсмир фарзандлар учун ҳам ота-она учун ҳам жуда синовли ва машаққатли ўтади. Шунга қарамай фарзандини севадиган ота-оналар сабр ва муҳаббат билан бу йилларни енгиб ўтишга ҳаракат қиладилар. Қуйида биз ота-оналарга ўсмирга қандай ёрдам бериш ҳақида баъзи тавсияларимизни тақдим этамиз. Ўсмир фарзанд, беш ёки ўн яшар боладан катта фарқ қилади. Ўспиринлик даврининг ўзига яраша қийинчиликлари ҳамда муаммолари мавжуд, лекин ота-оналар уни Худованднинг Каломи ва тарбияси билан улғайтирсалар, у қувонч ва мукофот ҳам келтиради. Масалан, Юсуф, Довуд, Йўшиё ва Тимўтий каби кишиларнинг ҳаётидан, ёшлар ҳам масъулиятли бўлиб, Худованд билан яхши муносабатга эга бўла олишларини кўриш мумкин.
Narrator 2 Бугунги кундаги кўп ўсмирлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо бунга қарамай, баъзилар учун ўспиринлик оғир даврдир. Бу пайтда ўсмирларнинг кайфияти тез-тез ўзгариб туради. Чунки улар мустақил бўлишга интилиб, ота-оналарининг талабларига бўйин эгмай қолишади. Бироқ бундай ўсмирлар ҳали тажрибасизлигидан ота-онасининг чексиз муҳаббатига, сабр-тоқатига ва ғамхўрлигига муҳтож. Хўш бундай пайтда ота-оналар ўсмирларга қандай ёрдам бериши мумкин? Муқаддас Каломга итоат қиладиган ота-оналар ўз фарзандларига бу вақтни муваффақият билан бошдан кечириб, масъулиятли кишилар бўлиб етишишига ёрдам беришади. Зеро Худонинг қонун-қоидаларига амал қилаётган ота-оналар ва ўсмирлар доимо муваффақиятга эришишган. Калом шундай дейди: “Бахтлидир йўллари пок бўлганлар,Эй Эгам, Сенинг қонунинг бўйича юрадиганлар. Бахтлидир Сенинг шартларингга риоя қиладиганлар, Бутун қалби билан Сенга интиладиганлар.”
Narrator 1 Ўсмир фарзандга ёрдам бериш учун доим уни тинглашга тайёр туринг. Имкон қадар у билан вақт ўтказиб, ўқишлари ва ишлари билан қизиқинг. У билан тез-тез суҳбатлашиб, танқид қилмасдан эшитишга ва керакли маслаҳатлар беришга ҳаракат қилинг. Чунки бу даврда улар гарчи буни сезмасалар ҳам, ота-онанинг тўғри йўналтиришига муҳтож бўладилар. Муқаддас Китобда: “Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади”-дейилган. Фарзанд болалигида маслаҳатга муҳтож бўлган бўлса, ўсмирлик даврида бу янада муҳимроқдир, чунки бу пайтда улар кўп вақтларини мактабдошлари ва дўстлари орасида ўтказгани сабаб уйда кам бўлишади. Маслаҳат бўлмаган жойда ота-она ва фарзандлар ўртасида самимий ва очиқ мулоқот бўлмагани учун, болалар уйда бегонага айланиб қолишлари тайин. Хўш, қандай қилиб очиқ мулоқотни сақлаб қолиш мумкин?
Narrator 2 Бунга ҳам ўсмирлар, ҳам ота-оналар ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим. Чиндан ҳам, ўсмирлар учун ота-онаси билан мулоқот қилиш, болалигига қараганда қийинроқ бўлади. Бироқ Каломда айтилганидек, «йўл-йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади, маслаҳатчилар кўп бўлса ғалаба келади». Бу сўзлар ҳаммага, ёшу қариларга тегишли. Буни тушунадиган ўсмирлар, тажрибали йўл-йўриққа ҳалиям муҳтож эканларини тан олишади, чунки улар мураккаб муаммоларни ечишларига тўғри келади. Ахир ота-оналарнинг ҳаётий тажрибаси катта ва болаларига ўз ғамхўрлигини кўрсатишни исташади. Шу сабабли, фарзандлар ота-онаси яхши маслаҳатчи бўла олишини тушунишлари даркор. Шундай экан, ақлли ўсмирлар ота-онасининг панд-насиҳатидан юз ўгиришмайди.