3:16

Нозик масалалар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Атрофимизда ўсмирлар билан ва турмуш қурган ёшлар билан бўлаётган муаммоларнинг кўпчилиги ота-оналарнинг вақтида фарзандлари билан жинсий тарбия ҳақида сўзлашмагани ва шу тарбияни бермаганидан келиб чиқмоқда. Ҳайрон қоладиган нарса шуки, жинсий тарбия деганда, аксарият ота-оналар шахсий гигиена қоидаларини тушунишади, холос. Аслида эса болаларнинг жинсий тарбияси жуда нозик масала. Танлаган мавзумиз кўлами шу қадар кенгки, болалар руҳияти билан бирга саломатлигига ҳам урғу бериб ўтишга тўғри келади. Хўш, тўғри тарбия усулини танлаш учун ота-оналар нималарга эътибор беришлари лозим? Асосий вазифалари нималардан иборат? Кўпчилик ота-оналар фарзандлари билан бошқа жинс вакиллари билан муносабат қилиш ва келажакда асқотадиган жинсий муносабатлар ҳақида суҳбатлашишга уялишади ва буни унчалик аҳамиятли эмас, деб билишади.

Narrator 2 Албатта бунга бизнинг менталитетимиз йўл қўймаслигини сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Аммо бундай фикр қилиш жуда ҳам хато бўлган бўларди. Ота-оналар фарзандларига бу мавзуда маълумот беришлари учун аввало уларнинг ўзи буни қандай тақдим қилиш ва бу суҳбатни қандай олиб бориш ҳақида маълумотга эга бўлишлари керак. Жинсий тарбия ҳақида мулоқот қилиш ҳам жуда муҳимдир. Ота-оналар болаларига жинсий муносабатлар ҳақида гапиришга уялишади, аммо фарзанд тўғри маълумотга эга бўлиши ва келажакда қарама қарши жинс вакилларига тўғри муносабатда бўлиши учун ота-она уялишни енгишга ҳаракат қилишлари керак. Негаки болалар бу ҳақда барибир бошқалардан билиб олишади, аммо улар етказган маълумот хато ва нотўғри бўлиши аниқ. Муқаддас Каломда жинсий ҳаёт ҳақида ҳам ёзилган, шундай экан ота-оналар шунга биноан йўл тутишлари керак.

Narrator 1 “Ўғлим, донолигимга эътибор бер, ақл–идрокимга қулоқ сол… . Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади, сўзлари — малҳамдай юмшоқ, аммо оқибати заҳардай аччиқ, ханжардай ўткирдир. Оёқлари ўлим томон юради, қадамлари ўликлар диёрига етаклайди. У ҳаётга олиб борадиган йўлга эътибор бермайди, йўллари беқарор, ўзи буни билмайди.” Худога шукурки, Муқаддас Китобда жинсий тарбия ҳақида аниқ йўл-йўриқ берилган ва Худонинг маслаҳатига амал қиладиган ота-оналар шу оятлар ёрдамида фарзандларига бу масалада ҳам ёрдам бера оладилар. Бундан ташқари фарзанд улғая борган сари қизни ҳам ўғилнинг ҳам жисмоний кучини тўғри йўналтиринг. Ана шунда атрофидаги воқеа-ҳодисаларга тўғри муносабатда бўлади. Меҳнат қилишга ўргатинг. Бирор ҳунарга қизиқдими, шаштини қайтарманг. Билагидаги кучи тўғри йўналтирилса, ортиқча фикрларга чалғитмайди.

Narrator 2 Ўсмир ёшида ўғил фарзандга қизлар билан қандай муомала қилишни, ўзини қандай тутишни ўргатинг. Ўғил болаларда қиз болага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, унинг ҳам онаси ва опа-сингиллари борлигини тушунтиринг. Ўғил боланинг бошқа жинс вакилларига муносабати отасидан андоза бўлиб ўтади. Ҳамма оилада ҳам эр-хотин тортишуви учраб туради. Аммо ўғил-қиз ўстираётган ота-оналар ҳеч қачон болалар кўз ўнгида бир-бирини ҳақорат қилмаслиги керак. Оналар эса қизига кичиклигидан қиз бола ўғил боладан нимаси билан ажралиб туриши, юриш-туриши, кийинишидан тортиб, муомаласигача тушунтириши керак. Она бу борада фарзандига ўзи ўрнак бўлишини унутмаслиги лозим. Балоғат ёшидаги қизларга қандай кийим кийиш кераклигини тушунтириш ҳам жинсий тарбиянинг муҳим бўлаги ҳисобланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top