3:18

Тарбия ва Ҳурмат

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Оилада насиҳат қилишга ким жавобгар ва бу насиҳатларга қулоқ солиш кимнинг вазифаси? Бу саволга фарзанд ўстириш жараёнида ота-она аниқлик киритиб олиши ва ҳар ким ўз вазифасини бажариши кераклигини уқтириши лозим. Тарбия — тузатиш мақсадида таълим беришни англатиб, мулоқот қилишни ҳам ўз ичига олади. Тарбия кўп ҳолларда жазолашдан кўра, тузатишни билдиради, лекин гоҳида эса жазолаш ҳам ўринли бўлади. Аслида фарзандларни болалигидан тарбиялаш керак, аммо ўсмирлик ёшида эса улар таълим ва тузатишга янада кўпроқ муҳтож бўлишади. Бинобарин ақлли ўсмирлар буни тан олишади.  Муқаддас Каломда бу ҳақида шундай ёзилган: “Аҳмоқ отасининг насиҳатини рад этади, танбеҳга қулоқ солган эса идроклидир”. Бу оятдан кўп нарсани ўрганиш мумкин. Унда насиҳат берилиши кераклигига ишора этилмоқда.

Narrator 2 Худованд ота-онага насиҳат қилиш ва фарзандни тарбиялаш вазифасини берган, аммо бу насиҳатга қулоқ солиш эса фарзандларнинг вазифасидир. Агар ўсмир ота-онасининг доно насиҳатларига қулоқ солса, у кўп нарсани ўрганади ва ҳаётида кам хато қилади. Шунингдек Тавротда: «Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят, танбеҳга қулоқ солганларга эса ҳурмат-иззат»,— дейилган. Ота-она фарзандини тарбиялаганда меъёрини билиб, мулоҳазали бўлиши керак. Улар ўта қаттиққўл бўлиб, болани ранжитмасликлари лозим, акс ҳолда бола руҳий тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Бироқ ота-она ҳаддан ортиқ юмшоқ бўлиб, ўсмирларини тарбиядан маҳрум этмаслиги ҳам лозим. Бундай иродасизлик аянчли ҳолатга олиб келади. Худонинг Каломида: «Фарзандингга тарбия бер: у сенга ором беради, қалбингни шодликка тўлдиради»,— деб айтилган.

Narrator 1 Шунингдек у ерда: «Қулни ёшлигидан эркалатиб ўстирса, оқибатда хўжайинига қайғу бўлади»,— деб ёзилган (Ҳикматлар 29:17, 21). Бу оятда қул тўғрисида айтилган бўлса-да, бу сўзларни ўсмирларга ҳам қўллаш мумкин. Тўғри тарбия ота-онанинг фарзандига нисбатан севгисидан далолат беради. Калом шундай дейди: “Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди, Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди.” Ҳар бир ота-она фарзандини аста-секин ва донолик ила тарбиялаш қанчалик қийинлигини билади. Масалан, оилада тинчликни сақлаш учун ўсмирга хоҳлаган нарсасини қилишига қўйиб бериш осон туюлиши мумкин. Бироқ бундай йўл тутувчи ота-оналар, оқибатда болаларини бошқара олмай қолишади.

Narrator 2 Фарзанд ўстираётган ота-она фарзандларига меҳнат қилишни ҳам вақтида дам олиб ўйин-кулгу қилишни ҳам ўргата олиши керак. Илгари фарзандлар ота-онасига уй-рўзғор ишларида ёрдам беришарди. Бугунги кунда эса ўсмирларнинг бўш вақтлари кўпайиб кетган. Бу бўш вақтни тўлдириш учун ҳозирги дунё кўпдан-кўп ўйин-кулги турларини таклиф қилмоқда. Аммо улардан аксариятида Муқаддас Каломга тўғри келмайдиган ҳолатлар жуда кўп. Бу эса кўп бахтсизликларга олиб келиши тайин. Шунинг учун заковатли ота-оналар ўйин-кулги танлаш масаласида ўзлари қарор чиқаришади. Бироқ ўсмир улғайиб бораётганини эсдан чиқармаслик ҳам яхшидир. Эҳтимол, фарзанд улғайган сайин, унга худди катталардек муомала қилишларини кутади. Шундай қилиб, агар ўсмир балоғат ёшига етиши билан маънан ўсиб бораётган бўлса, ота-онаси унга ўйин-кулги танлашда кўпроқ эркинлик беришлари оқилона бўларди. Аммо дўстларни ота-оналари билан маслаҳатлашган ҳолда тўғри танлаш лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top