Narrator 1 “Раббимиз Исога ишон, шунда ўзинг ва хонадон аҳлинг нажот топасизлар”. Ассалому алайкум. Ҳаворийлар китоби 16 боб 31 оятда ёзилган оят айни ҳақиқат ва Худо берган ваъдаси устидан чиқишига ҳаётимда кўп бора гувоҳ бўлганман. Аммо ҳозир ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган воқеамиз мен ҳақимда эмас, сиз билан бизга ҳамнафас бўлиб яшаётган бир биродаримиз ҳақидаги ҳикоядир. У ҳикоясини шундай бошлайди: “Мен ўқишга кирган йилим қўшни давлатдан келиб ўқиётган бир йигитга кўнгил қўйиб, унга турмушга чиқдим. Турмушга чиқаётганимда унинг имонли эканини билмасдим. Аммо у билан яшаш давомида Худо ҳақида жуда кўп нарсаларни ўргандим ва ўзим ҳам Худованда итоат қилишга қарор қилдим. У билан менинг юртимда яшай бошладик. У ўзи битирган боғдорчилик соҳаси бўйича ишлай бошлади. У давлат билан шартнома тузиб, боғбонларга ёрдам берадиган, мевали дарахтларнинг турли шароитларга чидамли турини экиб ҳосил олиш борасида тажрибалар ўтказадиган бир фирма очди.
Narrator 2 Бироқ унинг яратган боғлари чекка қишлоқларда бўлгани учун биз ҳам оиламиз билан ўша қишлоққа кўчиб боришга қарор қилдик. Бу қишлоқда яшаш осон эмасди. Худованд билан узоқ курашиб, охири унинг иродасига хурсандчилик билан итоат қилишга қарор қилдим. Фирманинг ишлари жуда яхши ва кўп даромад келтираётган бир пайтда, ҳукумат одамлари унинг фирмасини ёпиб, яшаб турган давлатимиздан чиқиб кетишга бир ой муҳлат беришди. Мен жуда қийналдим: “Нега Худовандим? Ахир сен менга бу қишлоқни севишим учун ва шу ерда яшашим учун куч берган эдинг-ку! Энди нега бизни ҳайдашларига йўл қўйяпсан? Бу орада онам касал бўлиб қолди. Онамни бир неча марта касалхонага бориб кўриб келдим. Оилада ёлғиз фарзанд бўлганим учун онамга қарайдиган бошқа киши йўқ эди. Дадам ҳам онамнинг касалхона ҳаражатларини кўтариш учун ишлашга мажбур, унинг ёнида бўлолмасди.
Narrator 1 Еримизни тортиб олиб қўйишди, ҳамма нарсамизни тезлик билан сотишга мажбур бўлдик. Мен фарзандларим билан бирга кўчиш ишлари ва ташвишлари билан банд бўлганимда онамнинг саратон касалига чалинганини эшитдим. У билан бирга бўлолмаётганим, онамга далда беролмаётганим менга азоб берарди. Бир томондан онамнинг касаллиги, иккинчи томондан мамлакатдан чиқиб кетишимиз керак бўлган кунгача жуда саноқли кунлар қолган эди. Жуда қийналдим, Худовандга ёзғирдим, ундан ҳафа бўлдим. Нега у ҳаётимизга бунчалик оғирлик қўяётганини иккаламиз ҳам тушунмасдик. Аммо мен онамни шу ҳолатда ташлаб кетолмасдим. Унга Худованднинг қанчалик яхши, меҳрибон эканини айтганман, аммо энди ўйлашимча, Худованд ўз сифатларига қарши иш қилаётгандек эди. Мен шу давлат фуқароси бўлганим учун яна бир ой қолишга рухсат беришларига эришдим. Турмуш ўртоғим фарзандларим билан мамлакатдан чиқиб кетди.
Narrator 2 Мен эса онамнинг ёнида қолдим. Касаллигига қарамай узоқ вақт ёлғиз қолишга мажбур бўлганди бечора онам. Ўша кунларда Худованд ажойиб ва биз тасаввур қилолмайдиган даражада ишлаган. Онам шундай пайтда одамзодга эмас, Худовандга ишониш ва суянишни ўрганиб олибди. Мен касалхонада туриб унга қарадим. Онам боришим билан мендан Муқаддас Китобдан Худо ҳақида ўқиб беришимни сўради. Мен ҳар тонг ва ҳар кечқурун онамга Худонинг Каломидан ўқиб берардим. Онам Каломни тинглаганда ўзини ҳотиржам сезар ва юзида шодлик белгилари пайдо бўларди. Онам Худованд нажотини қабул қилишга қарор қилди ва шундай қилди ҳам. Онам ўлими олдидан Худованддан миннатдор ва хурсанд бўлиб яшади. Худо қийинчиликлар орасида бизни ташлаб қўймаслигини ва Унинг ҳар бир ваъдаси ҳақиқат эканини тушуниб етдим.