Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Азизлар, бугун сизлар билан ичтерлама касаллиги ҳақида сўз юритамиз. Ич терлама қандай касаллик? Унинг белгилари қандай? Қандай қилиб ундан ўзимизни химоя қилсак бўлади? Шу ва бошқа саволларга дастуримиз давомида жавоб олишга харакат қиламиз. Биз билан қолинг. Ич терлама бутун танага таъсир қилувчи қорин касаллигидир. У инфекцияланган овқат ва сув орқали юқади ва кўпинча эпидемия, яъни, кўп одамларнинг бирданига касал бўлишига айланиб кетади. „Иситма” деб аталувчи бошқа касалликлар ичида ич терлама энг хавфлисидир.
Ич терлама белгилари кўпинча қуйидагича бўлади. Биринчи ҳафтада у шамоллаш ёки гриппга ўхшаб бошланади. Бош оғриғи, томоқ оғриғи ва кўпинча қуруқ йўтал бўлади. Иситма кўтарилиб, пасайиб туради, лекин ҳар куни 40 градусдан ёки ундан ортиқ кўтарилгунча бироздан кўтарилиб боради. Иситма бўлганда томир уриш иситма бўлмаган пайтдагига нисбатан секинлашиши мумкин. Ҳар ярим соатда пульс ва ҳароратни ўлчаб туринг. Агар пульс, иситма чиққанда яна ҳам секинлашса, бу одамда ич терлама борлигининг эҳтимоли кўпроқ. Баъзан одам қайт қилиши, ичи ўтиши ёки ичи қотиши мумкин. Иккинчи ва учинчи ҳафталарда эса, қуйидагилар кузатилиши мумкин. Ҳарорат юқори, пульс нисбатан секинлашган бўлади. Танада бир-нечта пушти ранг секин доғлар пайдо бўлиши мумкин. Одамни қалтироқ босиб туради. Алаҳсираш бошланади. Қувватсизлик, вазн йўқотиш, сувсизланиш кузатилади. Агар ҳеч қандай асоратлар бўлмаса, белгилар ва иситма аста йўқолиб боради. Бу жиддий касаллик бўлгани учун, уни сезганингизда албатта тиббий ёрдамга мурожаат қилишингиз керак бўлади. Бемор иситмасини пасайтириш учун совуқ сувга хўлланган сочиқ билан баданни артинг Кўп суюқлик беринг, масалан, шўрвалар, шарбатлар ва сув ўрнини босувчи ичимликлардан сувсизланишнинг олдини олиш учун бериб туринг. Зарур бўлса, суюқ ҳолда тўйимли овқатлардан беринг. Иситма бутунлай йўқ бўлиб кеткунича, бемор ётиши керак бўлади. Ич терламанинг олдини олиш учун, одам ахлатининг сув ва овқатларга тушишига йўл қўймаслик керак. Ҳожатхона одамлар сув оладиган жойдан етарлича узоқда бўлишига эътибор беринг. Ич терламалар кўпинча сув тошқини ва бошқа
ҳалокатлардан сўнг пайдо бўлади. Шунинг учун, айниқса, бундай вақтларда тозалликка эътибор бериш керак. Ичаётган сувингиз тозалигига эътибор беринг. Агар қишлоғингизда ич терлама пайдо бўлса, барча сувлар қайнатиб ишлатилиши керак. Сув ёки овқатнинг инфекцияланиши сабабларини изланг. Ич терлама тарқалишининг олдини олиш учун, касал одам алоҳида хонада туриши керак. У ишлатадиган идишлардан ҳеч ким фойдаланмаслиги шарт. Унинг ахлати ёндирилиб ташланиши ёки чуқур жойга кўмилиши керак. Унга қарайдиган одамлар
қўлларини ювиб юришлари зарур. Ич терламадан тузалгандан сўнг ҳам, баъзи одамлар касалликни ўзида олиб юришлари ва уни тарқатишлари мумкин. Ич терламаси бўлган ҳар қандай одам шахсий тозаликка катта эътибор бериши ва ошхона ёки бошқа умумий овқатланиш жойларида ишламаслиги керак. Ич терлама микробларини ўзида олиб юрувчи одамларни даволашда Ампициллин фойда қилиши мумкин. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.