Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Азизлар, кўпчилик эхиноккок балоси ҳақида эшитган бўлиши мумкин. Лекин уни қаердан келиши ва унинг сабабию давоси ҳақида афсус кўпчилигимиз бохабармиз. Бугун биз айнан шу касаллик ҳақида сўз юритамиз. Биз билан қолинг. Эхинокок, бир қадар кўп паразит, майда гижжаларнинг бир туридир. Урғочиси 2-7 мм катталикда бўлиб, у итлар, бўрилар ва тулкиларнинг организмида яшаб, уларнинг ичагига тухум қўяди ва бу тухумлар уларнинг ахлати орқали тушиб тупроқ, сув, кўкатлар ва итларнинг жунларини ҳам ифлослайди. Қўй, эчки, қора мол, туялар каби хонаки ҳайвонлар
яйловда ўтлаётган вақтларида шу қурт тухумларини ҳам ўт билан ютиб юборади ва унинг тухумлари бу ҳайвонлар органларида кўпайиши ва уларнинг ички аъзоларига тарқалиши мумкин, лекин бу ҳайвонлар ахлатлари орқали эхинококни тарқатмайди.
Одатда, болалар жуни ифлосланган итларини эркалатиб, силаганида ёки қурт тушган ҳайвоннинг гўштини еганларида ёки сувни ичганларида инфекцияланадилар. Одам ичагида туҳумдаги личинкалар қон билан жигар, ўпка гоҳо мия ва бошқа органларга бориб, уларда пуфак ёки ўсимта ҳосил қилади. Одатда касалликнинг белгилари узоқ вақтгача намоён бўлмайди ва эхинококкнинг
кистаси фақат ўсганидан сўнггина ўзини билдириши мумкин. Бу ҳолатда одамнинг қорни, жигардаги кистанинг шишиши туфайли катталашади. Бундай белгига қайт қилиш ва қориндаги оғриқлар ҳам қўшилади. Эхинококк кистаси ўпкада бўлса, бунда йўтал бошланади, баъзан қон аралаш балғам билан ва кўкрак соҳасида оғриқ бўлиши мумкин. Ушбу кисталар суякларни ҳам осон синдириши мумкин ёки буйрак, ўт пуфаги, жинсий аъзоларга тарқалиб, уларни шикастлаши ва сийдикка қон аралашишига ёки бепуштликка сабаб бўлади.
Кисталар мияда бўлса, бош оғриқ пайдо бўлади. Ултратовуш, яъни УЗИ текшируви одатда Эхинококк гидатив турини аниқлай олади, лекин бошқа турини аниқлаш қийин ва одатда унинг белгилари рак ёки цирроз белгиларига ўхшашдир.
Хўш, қандай қилиб унинг олдини олиш мумкин? Масалан, итлар билан ўйнаманг, айниқса, эхинококк кўп учрайдиган қишлоқ жойларда қўйлар атрофида юрадиган итлардан эҳтиёт бўлинг. Четдан келиб қолган итлар ўлдирилиши керак. Итларни кушхоналардан узоқроқда боқинг. Чунки улар зарарланган гўштни еб, касалланиб, сўнг одамга тарқатиши мумкин. Сувни ичишдан аввал қайнатинг ва гўштни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб пиширинг. Агар сиз яшайдиган жойларда эхинококк кўп бўлса, итларингизни доим Празиквантел билан даволаб туринг.
Айниқса, итлар қўй ва қора молга яқин юрадиган ва сизнинг кичик болаларингиз бўлса, шундай қилинг. Кистани олиш учун одатда операция қилинади.
Операция қилинмайдиган ва касаллиги тарқалиб кетган касалларга Албендазол ичиш маслаҳат берилади. Катталар бу дорини 400 мг. дан бир ой давомида 2 маҳал ичиши керак, 2 ҳафта дам олиб, сўнг давони яна қайта бошлаш зарур. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.