3:05

Заҳм (Сифилис)

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Азизлар, эсингизда бўлса, биз сизлар билан сийдик йўллари ва унинг касалликлари ҳақида сўз юритишни бошлаган эдик. Бугун шу мавзуни ҳам давом этим, жинсий алоқа орқали юқадиган касалликлар ҳақида бироз гапириб ўтамиз. Бундай касалликлар сони анчагина бўлишига қарамасдан, биз уларнинг энг хавфлилари ҳақига айтиб ўтамиз. Масалан, заҳм касаллиги. Бу кўп учрайдиган, жинсий алоқа орқали

юқадиган хавфли касалликдир. Унинг белгилари кўпинча қуйидагича бўлади.

Биринчи белгиси бу одатда шанкр деб аталувчи яралардир. Бу яралар заҳми бор одам билан жинсий алоқа қилинганидан одатда 2-5 ҳафтадан сўнг пайдо бўлади. Шанкр ҳуснбузар, қаварчиқ пуфакка ёки очиқ яра кўринишига эга бўлиши мумкин. У, одатда, аёл ёки эркакнинг жинсий органларида пайдо бўлади, баъзан лаб, бармоқ, пешов ёки оғиз ичида ҳам бўлиши мумкин. Бундай яраларда микроблар жуда кўп бўлиб, осонгина бошқа одамларга юқиши мумкин. Одатда яра оғриқсиз бўлади, шунинг учун агар у аёлнинг қинида бўлса, аёл бу ҳақида билмайди ва касалликни бошқа одамларга осонгина юқтириши мумкин.

Яра бир неча кун туради-да, сўнг ҳеч қандай давосиз йўқ бўлиб кетади. Лекин касаллик бутун танага тарқалишда давом этади. Бир неча ҳафта ёки ойдан сўнг томоқ оғриши, бироз иситма чиқиши, оғиз яралари ёки шишган бўғинлар каби ҳоллар кузатилади. Барча белгилар ўз-ўзидан йўқолиб кетади ва бемор тузалиб кетдим деб ўйлайди, аммо касаллик тарқалишда давом этаётган бўлади. Етарли даво қилинмаса, заҳм организмнинг ҳар қандай қисмини шикастлантириб, юрак касалликлари, шол, руҳий касалликлар ва бошқа кўпгина дардларнинг сабабчиси бўлиши мумкин.

Агар жинсий органда бўжама ёки яра пайдо бўлганидан бир неча кун, ҳафтадан сўнг танада ғалати тошмалар пайдо бўлса, бу — заҳм бўлиши мумкин. Тиббий ёрдамга мурожаат қилинг. Заҳмни даволашнинг иложиси бор, лекин батамом тузалиб кетиш учун тўла даволаниш керак. Агар касаллик белгилари пайдо бўлиб 1 йилдан камроқ вақт мобайнида турган бўлса, Бензилпенициллин-бензатиндан бирдан укол қилинг. Миқдорни яримтадан қилиб иккала думбага укол қилинг. Пенициллинга аллергияси бор одам 15 кун давомида кунига 4 маҳал 500 мг.дан тетрациклин ичсин. Агар касаллик белгилари пайдо бўлганига 1 йилдан ошган бўлса, Бензилпенициллин бензатинни 3 ҳафта давомида ҳафтасига бир мартадан укол қилиб боринг, бунда дорини ҳар сафар тенг икки қисмга бўлиб, ҳар қайси думбага ушбу миқдордан бир қисмдан юборинг. Пенициллинга аллергияси бор одам 30 кун давомида кунига 4 маҳал 500 мг. дан Тетрациклин ичсин. Кимки ўзини заҳми бор деб тахмин қилса, шифокорга мурожаат қилиши шарт. Махсус қон анализларини топшириш керак бўлиши мумкин. Агар анализ қилишнинг иложи бўлмаса, ушбу одам заҳмга қарши даволаниши керак. Касал деб топилган одам билан жинсий алоқада бўлган ҳар қандай одам, айниқса, унинг хотини ва эри заҳмга қарши даволанишлари зарур. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top