2:57

Шогирд учун ибодат

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз.

Янги Аҳдда ёзилган ибодатларнинг аксарият қисми имонсизлар учун эмас, аксинча, имонли биродарларнинг ўсиши учун берилган. Мисол учун, Эфесликларга мактубдаги Павлуснинг иккита машҳур ибодати эфесликларнинг ўсиб улғайиши тўғрисида эди. “Мен Раббимиз Исога бўлган эътиқодингиз ва бутун Худо азизларига бўлган муҳаббатингиз ҳақида эшитганимдан буён, доим сизларни ибодатларимда эслайман, тинмай Худога шукроналар айтаман. Раббимиз Исо Масиҳнинг Худоси, улуғвор Падар, Ўзини таниб-билишингиз учун сизга ҳикмату ваҳий руҳини ато этсин. Унинг Ўзи сизларнинг кўнгил кўзларингизни ёруғ қилсин, токи У сизларни нақадар улуғ бир умидга чорлаганини билиб олинглар, Ўз азизларини қанчалик бой ва улуғвор бир меросга сазовор қилганини қадрланглар”. (Эфесликларга 1:15–23, 3:14–20). Масиҳий сифатида ибодатни, мен энг машаққатли меҳнат деб биламан.

Шу билан бирга ибодат, шогирдни ўстиришда энг муҳим қисм ҳисобланади. Агар шогирдингиз учун ибодат қилишга қийналсангиз, Павлуснинг Эфесликлар ибодатига хос ва ўхшаш бўлган Муқаддас Китобдаги оятларни ўқиган ҳолда, ибодат қилинг. Сиз ўзингиз учун Янги Аҳддаги ибодатларни ўрганиб чиқишингиз мумкин, шогирдингизни ўстиришда ўшалардан фойдалансангиз, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ибодатда мен бошқа бир усулни ҳам қўллайман: ўзим учун қандай ибодат қилсам, шогирдим учун ҳам ҳудди шундай ибодат қиламан. Чунки мен нимада қийналсам шогирдим ҳам шунда қийналса керак, деб ўйлайман. Ахир, Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: “Бошингизга тушган синовлар ҳамманинг бошига тушадиган инсоний синовлардир.” (1Коринфликларга 10:13). Ҳаммамизнинг бошимизга тушадиган қийинчиликларнинг ва синовларнинг негизи бир.

Шогирдингиз учун ибодат қилишдан ташқари, ундан тез–тез хабар олиб туринг, айниқса, имонга эндигина келган пайтида. Шогирдингиз учун бу осон давр эмас, чунки шайтон бор кучи билан унга ҳужум қилишни бошлайди. Руҳий жангдан хабари бўлмаган одам саросимага тушиб қолиши мумкин. Ахир, жангда унга ёрдам берадиган Худонинг ҳақиқатини у тўлиқ билмайди.

Чақалоқ туғилганидан кейин биринчи ўн кун давомида доимо онасининг ёнида бўлади. Сўнг ўсгани сари, онадан мустақил бўлаверади. Биз жисмоний дунёда кузатган бу ҳол руҳий дунёда ҳам содир бўлади. Сиз ёш масиҳийга бера оладиган энг катта ёрдам — далда. У энди Худонинг оиласига мансуб эканлигини айтинг, сизлар биродар эканингизни у билсин. Шайтон уни алдашга ҳаракат қилади: “Бундай васваса ва синовлар фақат менда бўлса керак”, деган фикрлар унда пайдо бўлади. Шогирдингизга, бундай синовлар ҳаммамизда бўлишини айтинг. Унга: “Қўрқма, бу васвасаларга қарши турган пайтингда мен сен билан бўлиб сен учун ибодат қилиб, ёрдам бераман”, — деб айтинг.

Азизлар, бордию сизда ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top