2:49

Пулни қандай топамиз?

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Ҳаётда шундай табиий саволлар борки, жавобини қийналиб берамиз. Масалан, пулни қандай ишлаб топиш мумкин? Нега ҳамма бир хилда даромад қилмайди? Агар ҳаётда нимага интилиб яшамоқчисан, деб сўралса, энг умумий жавоб, балки, бахтли бўлиш учун яшамоқдаман, бўлса керак. Кишилар пул топганда ҳам уни бахтли бўлиш ва яхши кайфиятда юриш учун сарфлайди. Оддий мисол, паловни уйда еса бўлади. Лекин ресторанда ўтириб тановул қилсангиз, сизга алоҳида хизмат кўрсатилса, қолаверса, идишларни ҳам бошқаси йиғиштириб, ювса, негадир ўзингизни эркин ва хушчақчақ ҳис этасиз.
 
Демак, фаровон ҳаётни етказиб берувчи омиллар ичида энг биринчи бўлиб, пул яққол кўзга ташланмоқда. Тўғри-да, пулинг бўлса, чангалда шўрва! Ўша ақча қаёқдан келади?! Лаббай? Ишлаш керак дейсизми?! Асло, агар сиз ҳали ҳам ишлаган тишлайди, деб ишонсангиз, кўп иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирган экансиз. Боиси, ҳеч ким ҳозир кўчани дабдурустдан супуриб, тозаласангиз пул бериб кетмайди. Ахир ишладингиз, лекин маошдан дарак йўқ.
 
Аслида, сизнинг ичингиздан ўтгани бу, вақтни сотиб пул топамиз, деган фикр эди. Атрофга боқинг! Барча ўз вақтини сотиб, даромад қилмоқда. Иқтисодчи, новвой, сартарош, учувчи ва сиз ҳам, шу жумладан. Тушунишингиз учун энг оддий мисол бу – ўқитувчи. У ўз вақтини сотиб, маош олади. Маош тайинланишида ҳам мантиқий ечим бор: ойлик вақтга эътибор қаратади.
 
Ишнинг сифатичи? Маҳсулдорлик қаёқда қолади? Табиий савол туғилади, нега ҳаммада бир хил 24 соат бўлиб, ҳар ким турлича даромад топади. Масалан, ўқитувчи молиячидан кам маош олиши мумкин. Ўз навбатида, бошқа ўқитувчи яна бир ҳамкасбидан ҳам кам пул топади. Сабаби, улар камроқ вақт сотаётгани эмас, балки вақтга эгалик қилган одам нималарни билишидадир. Баъзан маҳоратли сартарош катта корхона бошлиғидан ҳам кўп даромад қилади, чунки у соч олишнинг барча сир-асрорларини билади.
 
Сўнгги нуқтага етиб келдик. Қайси соҳа вакили бўлишингиздан қатъи назар, сизнинг вақтингиз қиммат бўлишини хоҳласангиз, бошқалар кам билган билимга интилиш лозим. Ҳар бир касбда уни маҳорат билан эгаллаганлар бахтли яшаши учун етарли бўлган даромадни топади. Кам билувчининг вақтига ҳам кам харидор бўлиши тайин. Билим ҳар жойда мавжуд. Китобда, суҳбатда, меҳнатда, ҳаётда ва ҳар маконда.
 
Бахтли ҳаётни қурмоқчи бўлган азиз ўқувчи, билим олишга интилинг. Барчамизга ана шу бахтли ҳаётимиз учун аслида пул эмас, билим зарурлигини англайлик.

Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top