2:57

Пул топишнинг ғайриоддий усуллари 2 Қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Бугунги бироз телбароқ бўлган дунёда ғайриоддий вазифалар ёки лавозимлар албатта топилади. Умуман олганда, пул топишнинг ғайриоддий усуллари талайгина. Уларнинг барчаси одамларнинг қанчалик тадбиркор бўлиши мумкинлигини исботлайди. Баъзи усуллар мутлақо қонуний ҳисобланса-да, кўпчиликка шубҳали, ақлга сиғмайдиган даражада телбанамо туюлади. Гарчи шаън, шарм-ҳаё, обрў-эътиборни ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмаса ҳам, одамларнинг пул топиш учун қанчалик “узоққа” бориши мумкинлиги одамни баъзан ҳайратга солиши мумкин. Аввалги дастуримизда уларнинг базилари билан таништириб чиққан эдик. Энди эса пул топишнинг энг ғайриоддий, ажойиб ва таажжубли йўллари билан таништиришни давом этамиз.
Профессионал уйқучи. 

Биз фойдаланаётган барча маҳсулотлар бозорга чиқишдан олдин синчковлик билан текширилади. Каравот, матраслар ҳам шу жумладан. Сотувга чиқаришдан олдин уларда ухлаб, текширишлари учун компаниялар махсус ходимларни ёллашади. Мириқиб ухлаётганликларини текшириш учун уйқу вақтида уларнинг юрак уриши доимий тарзда текшириб турилади.

Яна бир мисол: ўтган йили Хельсинкидаги Hotel Finn отели бўш ишчи ўринларини эълон қилди. Унда меҳмонхонанинг 35 та хонасида ухлаб, уларнинг уйқу учун қанчалик қулайлигини текшириб кўриши керак бўлган профессионал уйқучи лавозими ҳам бор эди. Бу бўш иш ўрнига 600 дан ортиқ одам талабгор бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади! Бизда шундай лавозим эълон қилинса, қанча одам унга илинишини истаган бўларди, деб ногоҳон ўйга толасан киши…

Овқат ейиш.

Ишониш қийинку-я, лекин овқат ейиш ва семириш ҳам пул келтириши мумкин экан. Семиз одамларнинг таом тановул қилишини томоша қилишга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этар экан. Огайо штатидан Донна Симпсон ўз олдига дунёдаги энг оғир ва салмоқли аёл бўламан деб мақсад қўйган. Унинг ўз сайти бор, унга обуна бўлганлар эса, овқат ейишини кўриш учун пул тўлашади. Пуллар озиқ-овқат сотиб олишга сарфланади. Жанубий кореялик Дива исмли аёл ҳар куни овқат тайёрлаши ва уни ейишини онлайн тарзда реал вақт режимида трансляция қилади. Бу машғулот унга ойига $9 минг келтиради.

Сотиладиган дўстлар. 

Ҳақиқий дўст сотилмайди дейишади. Аммо ҳозир ҳамма нарса сотиладиган ва сотиб олинадиган замонда яшаяпмиз. Масалан, дўстни ҳам соатбай ижарага олса бўлади. Ижарага олинувчи дўстнинг баҳоси арзон эмас, соатига 50 доллар. Тўғри-да, кимгадир пул керак, кимдир эса дўсти билан дилдан суҳбатлашгиси, ичидаги бор-йўқ кечинмаларини дастурхон қилиб тўкиб солгиси келади. Нима ҳам дердик. Ҳайратдан ёқа ушлаймиз, холос. Сизга эса бундай дўстга кунингиз, йўғе… соатингиз тушмаслигини тилаб қоламиз. Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top