Ассалому алайкум гўзал ва малоҳатли опа-сингиллар. Агар суҳбатларимизни тинглаб бораётган бўлсангиз, дастурларимиз давомида гўзаллигингизга ҳизмат қиладиган маҳсулотларнинг фойдаси, ишлатишлиши ҳақида маълумот бериб келаяпмиз. Бугун пардоз қилишимиз учун энг керакли нарса – қалам ҳақида гаплашамиз. Қаламни танлаш, унинг аёлларга тўғри келадиган турлари ва макияж асносидаги сир-синоатлардан боҳабар бўлишни истасангиз яқинроқ келиб, диққат билан тингланг. Кўзларни янада жозибадор кўрсатишда аёллар қора қаламдан кенг фойдаланишади. Барча косметиканинг ўз қонун-қоидалари бўлганидек, қора қаламда ҳам шундай қоидалар мавжуддир. Қалам танлаганда юмшоқлигига эътибор бериш лозим. Сабаби, у каби қаламдан фойдаланиш қулайроқ.
Ҳар доим қаламнинг учини чиқариб ишлатиш керак. Агар қалам керакли даражада юмшоқ бўлмаса, қўлда иситишга ҳаракат қилиш керак, бу сал бўлса ҳам юмшашига ёрдам беради. Агар кўз ўта сезувчан бўлса, қовоқларнинг ичи бўялмаслиги ва ялтироқ қаламдан фойдаланмаслик лозим. Агар кўзлар кичкина бўлса, киприк бўйлаб қаламда чизилиши мақсадга мувофиқ. Бунда фақатгина киприкнинг тепаси ва пастига чизилади. Ҳеч қачон кўзнинг ичига суриш керак эмас, сабаби бунда кўз янада кичик кўринади. Ташқи кўринишдан кўзни каттароқ кўрсатиш учун оқ қаламдан фойдаланиб, кўзнинг ички бурчакларига енгил суриб, юмшатилади. Кимнинг кўзлари катта бўлса, исталганча пардоз қилиши мумкин. Фақатгина меъёрни унутмаслик кифоя.
Турли кўзларга – турли ранг ярашади. Кўзларга чуқур кўриниш бериш учун тўқ ва қора ранглардан фойдаланиш лозим. Агар кўзлар қисиқроқ бўлса, оч рангли қаламлардан фойдаланган маъқул. Масалан, оч пушти, ҳаворанг ёки оч жигарранг қаламлардан фойдаланилади. Қалам билан чизаётганда ортиқча чизиқлардан қўрмаса ҳам бўлади, уни осонгина кетказа олиш мумкин. Узунлиги ва жойлашишини хоҳишга биноан танлайсиз. Лекин йўналишига эътибор бериш керак. Чизиқ чўзилаётганда ҳар доим кўзнинг четидан марказига қараб чизилади. Агар киприклар узунлигида тўлиқ чизилса, иккита чизиқ чизилади. Биринчиси ташқи бурчагидан, кейингиси ичкисидан. Улар эса ўртада бирлаштирилади. Қаламнинг рангини танлаш жиддий масала. Агар кийимга мослаб танланса, осон кечади. Аммо қандай ранг ярашишини билмаганлар учун маслаҳатларимиз бор.
Қора – кўпроқ кўзнинг ташқи кўринишини енгилгина ажратиб турувчилар учун мос келади. Масалан, агар кўзлар думалоқ бўлса, кўзни салгина чўзиш учун пастки қовоқлар ташқи тарафидан бўялади. Кўк – қалам ҳаворанг ҳамда жигарранг кўзларни ажратиб кўрсатиш учун ниҳоятда муносибдир. Жигарранг – қаламдан худди қора қалам ишлатилганидек фойдаланилади. Шу билан бирга ушбу рангда қалам нозик ва табиий кўриниш бахш эта олади. Яшил қалам кулранг ва яшил кўзларга мос келади. Тилларанг ва бронза рангли қаламлар эса яшил ҳамда ҳаворанг кўзлар рангини кучайтира олади. Оч яшил, ҳаворанг ва мовий рангли қаламлар офтобда қорайган юзларга тўғри келади. Ëрқин ранглар – оч пушти, оч жигарранг ва оқ кўзларини каттароқ кўрсатишни истаганлар учун ғоятда мос.