Ассалому алайкум ўта синчков оналар. Фарзанд тарбияси билан астойдил шуғулланадиган, унинг қандай ўсаётганига, нималар билан шуғулланиб, миясида қандай ўйлар борлигига қизиқадиган ҳар бир она фарзандининг юриш-туришига жуда эътиборли бўладилар. Шундай оналарга ҳавас қилса арзийди. Агар сиз ҳам мана шундай оналар тоифасидан бўлсангиз, бугун эътиборингизни бир нарсага – болалар хонасига қаратмоқчимиз. Болангизнинг нималарга қизиқишини унинг хонасига кириб, нарсаларини, чизган расмлари ва деворга илиб қўйган суратларидан билиб олса бўлади. Бугун дунё болалари турли нарсаларга қизиқади. Баъзи болалар Рок гуруҳларга қизиқиб, ўшандай мусиқалар тинглайди, бошқалари турли видеоўйинларга, яна бошқалари эса турли хил скелетлар, бош чаноқлари ва шунга ўхшаш нарсаларга қизиқишади.
Улар бу нарсаларни жуда ҳам замонавий ва зўр деб ўйлашади. Шу нарсаларга қизиқиш уларни муҳим ва кучли қилиб кўрсатадигандек. Аммо эътиборли она бўлсангиз, фарзандларингизга бундай расмларни хонасида сақлашга рухсат берманг. Худога ишонган оила фарзандлари бундай нарсаларни ўзлари билан олиб юрмасликлари керак. Фарзандингизда мана шундай нарсаларни кўрсангиз, вақт топиб у билан мана шу нарсалар ҳақида гаплашинг. Худога таалуқли баъзи бир расмларни ва ўзининг хонасидан топган расмларни кўрсатиб, «қайси бири Худога ёққан бўларди?», деб сўранг. Албатта у яхши расмларни кўрсатади. Худованд бизнинг қалбимиз ҳам онгимиз ҳам фақат уники бўлишини исташини, онгимизда ҳам юрагимизда ҳам Худовандга ёқмайдиган нарсалар бўлмаслиги кераклигини тушунтиринг.
Агар тўғри тушунтира олсангиз, фарзандингизнинг ўзи ҳамма расмларни йўқ қилади. Кўп ҳолларда душманимиз шайтон фарзандларимизни биздан ва Худодан узоқлаштириш учун уларнинг миясига мана шундай нарсаларни сингдиришга ҳаракат қилади. Уларга ёлғон фикрлар бериб, ҳозир қизиқаётган нарсаси ажойиб ва замонавий эканлигини уқтиради. Сиз шайтон ёлғоннинг отаси эканини биласиз, шундай бўлгач, ўғлингиз ёки қизингизга ҳам бу нарсалар шайтоннинг навбатдаги найранги ва ёлғони эканини тушунтириб қўйинг. Энг муҳими фарзандингизнинг онги ва юраги Худовандга тегишли бўлиши учун Худовандга илтижо қилинг. У фарзандингиз қалбига Ўз Руҳини мўл-кўл юборсин.
Хонадан Худога тўғри келмайдиган суратлар ва жиҳозларни олиб чиқиб ташлагач, ўша хонада ўтириб, фарзандингиз учун ибодат қилинг. Худованддан хонани поклашини сўранг. Кўпинча хонадаги шайтоний нарсалар фарзандингиз уйқусига таъсир қилади. У қўрқинчли тушлар кўриши, кечқурун алаҳсираши ё бўлмаса яхши ухлай олмаслиги мумкин. Буни баъзида тушунмаймиз, кўп ҳолларда эса бу онгидаги ёмон ҳаёллар, шайтон уқтирган фикрлар ва хонадаги жиҳозлар натижаси бўлиши мумкин. Умуман фарзандингизга қайғурсангиз, тез-тез унинг хонасига кириб у учун ибодат қилиб туринг. Шу каби қизиқарли ва теша тегмаган мавзуларни фақатгина бизнинг www.najot.com сайтимиздан топасиз.