Narrator 1 Ассалому алайкум. Агар ёдингизда бўлса, ўтган сафар, имонлилар ҳаётида бўладиган қийинчиликларнинг келишига турли сабаблар бўлиши мумкин. Исо Масиҳ издошлари бўлганимиз учун келадиган қийинчиликларни қабул қилишимизга яна бир сабаб, бу биз масиҳийларга Худо томонидан берилган тақдирдир. Филлипликларга 1 боб 29 оят бу ҳақида аниқ айтади: “Худо сизларга Масиҳга ишонишнигина эмас, балки Масиҳ учун азоб чекиш тақдирини ҳам насиб этган. Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар, деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди.” Қийинчиликлар биз Исо Масиҳга эргашишимиз эвазига тўланадиган тўловдир, яъни Исо Масиҳга эргашишни танласак, бунинг оқибатида келиб чиқадиган қийинчиликларга ҳам тайёр бўлишимиз керак. Матто 10:38-39 оятлар шундай дейди: “Кимки ўз хочини олиб, ортимдан эргашмаса, Менга лойиқ эмас. Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади.
Narrator 2 Мен учун жонини йўқотган эса жон топади.” Агар Масиҳ учун азоб чексак, Осмон Шоҳлигида У билан бирга бўламиз ва Унинг улуғворлигига ҳам шерик бўламиз. Римликларга 8 боб 17 оятда бу ҳақида аниқ шундай дейилган: “Агар биз Масиҳнинг азоб уқубатларига шерик бўлсак, албатта Унинг улуғ шон-шарафига ҳам шерик бўлажакмиз.” Бундан ташқари Калом айтадиги, Масиҳ учун азоб чекиш ҳам шараф. Ҳаворийлар 8:41 “Ҳаворийлар эса, Раббимиз Исо номи учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб қувониб, Кенгашдан чиқиб келишди.” Қийинчиликлар бизнинг имонимизни кучайтириш учун ҳам содир бўлади. Бу ҳаётда азоблар ва қийинчиликларга дучор бўлишимизнинг яна бир сабаби. 1 Бутрус 1 боб 7 оят шундай дейди: “Ҳозир турли васвасалар туфайли бироз қайғуришингизга тўғри келсада, лекин бу васвасалар имонингизни синаш учун фойдали эканлигини билинглар.
Narrator 1 Ҳатто фоний олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Шу сингари олтиндан ҳам қимматли бўлган имонингиз синовдан ўтиб, Исо Масиҳ осмондан ҳозир бўлгач, сизларга мақтов ва шон-шараф келтирсин.”Ҳаётимизга сабабсиз қийинчиликлар келганида ҳайрон бўлмайлик, чунки Худо бизнинг имонимизни кучли қилиш учун ва бизни тоблаш учун қийинчиликлар келишига йўл қўяди. Аммо руҳингиз тушмасин, Каломда ваъда берилганидек, У қийинчиликлар билан бирга шу қийинчиликлардан ўтиб олишимиз учун куч ҳам беради. Шундай пайтларда У биз билан бирга бўлади. 1 Коринфликларга 10 боб 13 оятда биз учун шундай ваъда берган; “Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир. У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради.”
Narrator 2 Худо доим биз билан бирга бўлишга ваъда берган. У бизни қийинчиликлар пайтида ҳам ташлаб кетмайди. “Чунки Худонинг Ўзи “Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”, деган.” Худованд ҳамма тасаллининг манбаидир. Худованд ҳаётимизга тасалли бериш ва уни улашишимиз учун қийинчиликлар келишига йўл қўяди. Ҳаётимизнинг баъзи қисмларида биз ўзимиз тушунмаган ҳолда қийинчиликларни бошимиздан кечирамиз. Аммо Каломда ёзилишича, “Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи Худо – марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин. Ҳар хил азоб уқубатларга учраганимизда Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган одамга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз.