2:52

Вақтни тўғри тақсимлаш

MP3

Ассалому алайкум. Агар суҳбатларимизни тинглаб бораётган бўлсангиз биз ўтган сафар сизлар билан жуда кўп ишларга улгуриш учун ишларни тўғри тақсимлаш ҳақида гаплашган эдик. Тўғри тақсимланган ишлар вақтдан ютишимизга ва уни унумли ўтказишимизга ёрдам беради. Кўп ишга улгуриш учун ишга киришишдан олдин, улар ҳақида бир неча минут режа қилиб олиш етарли. Хуллас, ўтган сафар бугунги, эртанги ва кейинги ҳафтадаги ишларни муҳимлигига қараб режалаштиришни ўрганган эдик. Бугун эса қанча кўп иш қилсак ҳам чарчамаслик ҳақида гаплашамиз. Кўп иш қилган аёл чарчамаслиги мумкинми? Ҳаёлингиздан шундай савол ўтганини сезиб турибман. Бизни диққат билан тингласангиз бунга ўзингиз амин бўласиз.

Ҳа,чиндан ҳам кўп ишлаб камроқ чарчаш мумкин. Агар вақтингизни тўғри тақсимлай олсангиз, ишларингизни муҳимлигига қараб ажрата олсангиз ва кун давомида бир оз танангиз ва онгингизга дам берсангиз бунинг иложи бор. Баъзида биз кутмаган ишлар орага тиқилиб қолади. Бу режамизда бўлмаса ҳам қилишга тўғри келади. Шундай пайтда нима қилиш керак? Фақат ўзингиз эмас, фарзандларингиз ёки турмуш ўртоғингиз ёрдамига суянинг. Сизнинг режангиздаги ишни улар ҳам қилиши мумкин бўлса, ўша ишни уларга юкланг. Шундай вазиятлар бўладики, ишлар вақт ўтиб ўз муҳимлигини йўқотади. Агар сизда ҳам шундай бўлиб қолса, унча муҳим бўлмай қолган ишларни кейинги суришингиз мумкин. Ишхонадаги ишларингизни эса ўзингиз қилишингиз шарт бўлган ва шарт бўлмаганларига ажратинг.

Агар бирор бир ишни касбдошингиз ҳам қилиши мумкин бўлса, ундан ёрдам сўранг. У бунга рози бўлиши мумкин. Ахир бу иш унга шухрат олиб келиши мумкин-ку?! Ундан ташқари ишингизни битиришга техника ёрдами керак бўладиган бўлса, ундан ҳам фойдаланинг. Унча узоқ эмас, пул сарф қилгандан кўра пиёда ҳам етиб олавераман, деб ўйламай, вақтингизни тежашни ўйлаб, машина ёки маршрут хизматидан фойдаланинг. Шунда вақтингиз тежалади ва ишларингизни ҳам ўз вақтида тугатиб, ўзингиздан мамнун бўласиз. Ундан ташқари ҳаддан ташқари толиқиб ҳам қолмайсиз. Хўш, ҳамма ишингизни тўғри тақсимлаган бўлсангиз, бироз вақтингизни хордиқ чиқаришга ҳам ажратинг. Яхши ҳордиқ самарали ишлашингизга ёрдам беради. Ҳордиқ чиқариш кимга ҳам ёқмайди. Шундай бўлгач, сиз ҳам хордиқ чиқаришга ҳақлисиз.

Кун давомида олган стрессларингизни бирор бир яхши кино кўриш билан ёки театрга бориш билан чиқариб юборишингиз мумкин. Якшанбада қилинадиган ишларнинг кўпини шанба куни кечқурун қилиб қўйсангиз, якшанба куни дам олишга вақтингиз қолади. Шу пайтда тоза ҳавога чиқиб мириқиб дам олишингиз ёки хонангизни беркитиб маза қилиб ухлашингиз мумкин. Айтгандай, ухлаш ҳақида ҳеч қачон қиладиган ишларингиз ёки елкангизда турган маъсулият ва жавобгарликни ўйлаб, уйқунгизни йўқотманг. Соғлом бўлиш учун ва ҳамма ишларингизга улгуриш учун кунда 7-8 соат ухлашингиз керак. Сиз учун белгиланган уйқу соати 6 соатдан кам бўлмаслиги керак. Шундай бўлса, иш самарангиз ҳам, гўзаллигингиз ҳам йўқолади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top