Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азиз дўстларимиз ила яна соғ-саломатликда учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Навбатдаги мавзумиз сиз азизлар учун тайёрланди.
Азиз биродарлар, ердаги ҳаёт — ҳақиқий саҳнадаги намойишдан олдин такрорлаш жараёнидир. Сиз ўлимнинг нариги томонида абадиятда бу ердагига қараганда бошқача вақт ўтказасиз. Ер абадиятдаги ҳаёт учун тайёрлов майдони, боғча ёки синов майдони ҳисобланади.
Бу ҳақиқий ўйин бошланмасдан илгариги тайёргарлик кўриш жараёнидир. Пойга бошланмасдан олдинги қизиб олиш йўлидир. Бу ҳаёт кейингиси учун тайёргарлик кўришдир. Ерда энг кўпи билан юз йил яшашингиз мумкин, лекин абадиятда чексиз яшайсиз.
Томас Броуни айтганидек, ердаги вақтингиз абадиятдаги кичкинагина қавсдир. Биз абадий яшаш учун яратилганмиз. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади”. Воиз китобининг 3 боби 11 ояти.
Сизда ўлмайдиган бўлиш учун ички инстинкт мавжуд. Чунки Худо сизни абадий яшаш учун ўз суратида яратди. Гарчи биз ҳар бир киши бирор кун ўлишини билсак-да, ўлим ҳар доим нотабиий ва адолатсиз бўлиб кўринади.
Биз абадий яшашимиз кераклигини ҳис қилишимизнинг сабаби, бизнинг онгимиз шу истак билан тўқилган. Бир кун юрагингиз уришдан тўхтайди. Ўшанда бу сизнинг танангиз ва ердаги ҳаётингизнинг охири бўлади, аммо сизнинг охирингиз эмас.
Сизнинг ердаги танангиз руҳингизнинг яшаши учун вақтинчалик жойдир. Муқаддас Калом ердаги танангизга “кулба” деб мурожаат қилса, келажакдаги танангизга “уй” деб мурожаат қилади.
Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Биз биламизки, бу фоний уйимиз, бу кулбамиз хароб бўлганидан кейин, Худо бизга мангу бир уй, қўл билан қурилмаган осмондаги маконни беради”. 2-Коринфликлар мактубининг 5 боби 1 ояти.
Ердаги ҳаёт бир қанча танловларни таклиф қилса, абадият фақат иккита: жаннат ёки дўзахни таклиф қилади. Сизнинг ердаги Худога бўлган муносабатингиз, абадиятда Унга бўлган муносабатингизни белгилайди.
Агар сиз Худонинг Ўғли, Исони севишни ва унга таянишни ўргансангиз, абадиятда У билан бирга бўлишга таклиф қилинасиз. Аксинча, агар сиз Унинг севгиси, кечирими ва нажотини рад қилсангиз, абадиятда Худодан ажралган ҳолда яшайсиз.
“Икки хил инсонлар бўлади: биринчиси Худога “Сенинг ироданг бажо бўлсин” дейдиганлар ва иккинчиси Худо уларга “Майли унда ўз йўлингда давом этавер” дейдиганлар.” Шуниси фожиалики, кўпгина инсонлар абадиятда Худосиз чидашларига тўғри келади, чунки улар ерда Усиз яшашни танладилар. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.