Ассалому алайкум азиз мухлисларимиз! Сиз азиз биродарларимиз билан яна соғ-омон учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, агар биз янги олган ҳаётимизда олдинга қараб интилишни истасак, Раббимиз Исо Масиҳнинг Қони қанчалик таъсирли эканлигини билиб олишимиз шартдир.
Раббимизнинг Хочда қанчалик азоб чекиб ўлгани факт бўлса, Унинг Қони ҳам гуноҳларимизни ювиши шунчалик аниқдир. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ бизларни ҳар-биримизни жазодан омон сақлаб қолиш учун, шунингдек Худованднинг олдида оқлаш учун сақлаб қолиш учун Қон тўкди.
Азизлар, шуни аниқ билиб олишимиз керак, Худованд бизлар қилган гуноҳ ишларимизни, “ҳа майли кечирвораман” демайди. У қонни кўргани учун бизларни кечиради. Демак, Қон биринчи галда Худованд учун тўкилган экан.
Азизлар, агар Раббимиз Исо Масиҳнинг тўккан қонини баҳосини билмоқчи бўлсак, биз биринчи навбатда, бу Қоннинг Худо олдида қандай қадр-қимматга эга эканлиги ҳақида ўйлашимиз лозим.
Агарда Худованднинг олдида У Қонинг қадр-қимматини билмасак, у биз учун ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Қадимги Аҳд даврида ҳар йили бир марта бутун Исроил халқи қилган гуноҳлар учун қурбонлик қилинар, қурбонлик қони эса Чодирнинг Муқаддаслар-Муқаддаси хонасига олиб кирилиб, Худо олдида етти марта сепилар эди.
Қурбонлик ҳамманинг кўз ўнгида қилинар эди, лекин Муқаддас Чодирга фақатгина олий руҳоний кириши мумкин эди. Худованд ушбу Чодирга бошқа ҳеч кимни киришига йўл қўймас эди.
“Нима учун?” деган савол пайдо бўлиши аниқ, чунки шу олий руҳоний гуноҳларимиз учун тўлов тўлаган Раббимиз Исо Масиҳнинг прототипи эди. “Энди эса…Масих … қўл билан қурилмаган, яъни бу дунё ижоди бўлмаган буюкроқ ва мукаммалроқ чодирдан ўтиб борди.
Масиҳ такалар ва бузоқларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони билан муқаддас маконга бир марта кириб, бизлар учун абадий нажотни қўлга киритди”. Ибронийларга мактубининг 9 боби 11 ва 12 оятлари.
Азизлар, шундай қилиб олий руҳоний гуноҳларга тўлов тўлайдиган Ягона Шахснинг прототипи эди холос. Ундан бошқа ҳеч ким Чодирга на яқинлаша оларди, на ичкарига кира оларди.
Азизлар, шу олий руҳоний Чодирга кирган вақтда фақатгина биттагина вазифани адо этиш учун кирар эди. У Худога Қон қурбонлигини, Худовандни қониқтирадиган қурбонликни олиб кирар эди. Ушбу маросим инсонлар кўзидан йироқда бажариладиган Худо ва олий руҳоний орасида амалга ошириладиган аҳд эди. Чунки Худованд шундай буюрган эди. Демак, Қон энг аввал Худованд учун тўкилган экан. Азизлар, мавзумизга шу жойда якун ясаймиз. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.