Ассалому алайкум азиз биродарлар. Ота ўз ўғлига нисбатан Парвардигорнинг қандай йўл тутишини билар эди. Ёқуб Худонинг кичик ўғилни катта ўғилларга бошлиқ қилиб қўйишини ва Ҳақ Таоло Ўз хоҳишини пайғамбар ёки туш орқали билдиришини ҳам у жуда яхши билган.
Лекин, Ёқуб катта ўғилларининг Юсуфни ёмон кўраётганидан хавотирга тушган бўлиши аниқ. Ёқубни ташвишга солаётган бу мураккаб инсоний муносабатларни ечишга Худо ёрдам бермаса, Эгам Ўз назоратига олмаса, фалокатга олиб келиши тайин.
Ёқуб бундан хавотирланиб Парвардигордан мадад сўрагани ҳам аниқ-равшан. Ёқуб ўғилларини мол боқишга Шакам деган жойга юборади. Бироз вақтдан кейин Ёқуб ўғилларидан хабар олиш учун суюкли ўғлини Шакамга юборади. Акаларидан хабар олиш учун кетаётган Юсуф йўлда адашиб қолади.
Юсуф қаерга боришини билмай турган пайтда нотаниш кимса Юсуфнинг олдига келиб: “Нимани излаяпсан?” — деб сўрайди. Юсуф акаларини излаб келганини ва нотаниш кимсадан: “Мабодо уларни кўрмадингизми?” — деб сўрайди. Юсуф нотаниш одамдан оға-иниларининг Дўтан деган жойга борамиз, деб айтишаётганини билади ва 24 км чўлда юриб Дўтанга етиб боради.
Юсуф ҳақиқатан акаларини яхши кўрар эди. Шунинг учун Юсуф чўлда шунча узоқ масофани босиб ўтишга ҳеч иккиланмайди. Юсуф учун отасининг буйруғи ва оға- иниларидан хабар олишни, ўзини хавфга қўйишдан муҳимроқ ҳисоблаган. Афсуски, Юсуф кутгандай бўлмади.
Яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтариш инсоният қонуни бўлиб қолди, деймизми, узоқдан Юсуфнинг келаётганини кўрган акалар уни ўлдириш режасини тузиб бошлайдилар. Ака-укалар бир-бирига қараб, мана биз орзиқиб кутган вақт ҳам келди.
Туш кўрадиган ва бизга ҳукмрон бўлмоқчи бўлган укамиз ўз оёғи билан келиб турибди. Оға-инилардан бири шу атрофдаги сувсиз бўлган қудуққа ташлашни ва оталари Ёқубга укамизни йиртқич ҳайвон еб кетибди, деб айтишни таклиф қилади. Лекин, Юсуфнинг Рубен исмли акаси уни олиб қолиш чорасини излай бошлайди.
Юсуфни қудуққа ташлайлик, ўлдирмайлик, деб таклиф беради. Шуларни гаплашиб турган вақтда Юсуф акаларининг олдига етиб келади. Дарҳол унинг тўнини ечиб оладилар ва сувсиз қудуққа ташладилар. Ўзлари эса овқатланишга ўтириб, укалари Юсуфни нима қилишни суҳбатлашиб турган вақтда, Гилъад томондан исмоилий савдогарлар карвони келаётганини кўриб қоладилар.
Ёқубнинг Яҳудо исмли ўғли ҳам Юсуфни ўлдирмасдан, келаётган савдогарларга бериб юборишни таклиф қилади. Ва Яҳудо ака-укаларини савдогарларга сотиб юборишга кўндиради. Юсуфни савдогарларга йигирма кумуш тангага сотадилар. Савдогарлар Юсуфни Миср юртига олиб кетадилар. Азиз дўстим, сиз тинглаётган ҳикоя энг муҳим нуқтаси ҳам айнан шу жойидир. Бизнинг мавзумиз эса ўз ниҳоясига етди. Келаси мавзулар орқали учрашгунча хайр.