3:12

Қайси касалликни қайси врач даволайди?

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Тиббиёт ривожлангани сари соҳага доир мутахассисликлар сони ҳам ортиб бормоқда. Муайян турдаги касалликни даволайдиган, таъбир жоиз бўлса, уни миридан-сиригача биладиган мутахассислар кўпаймоқда. Агар шифокорларнинг мутахассислигидан хабардор бўлсангиз, ўзингизни безовта қилган хасталик бўйича қайси мутахассисга мурожаат этишни аниқ биласиз. Шунда кимга учрашишни билмай хуноб ҳам бўлмайсиз, вақт ҳам йўқотмайсиз. Шуни инобатга олган ҳолда бу хусусда тўлиқроқ маълумот беришни лозим топдик. Ревматолог – бириктирувчи тўқима ва бўғим касалликларини, масалан, ревматик артрит, тизимли қизил бўрича, Бехтерева касаллиги ва ревматизмни ташхислаш, даволаш ва олдини олиш билан шуғулланувчи шифокор.

Бунга ўткир ревматик иситма, сурункали ревматик касалликлар, острахондроз, умуртқа поғонасининг яллиғланиши, тизимли скреодерма каби касалликлар киради. Гастроэнтеролог – меъда-ичак йўли аъзоларининг, асосан, ноинфекцион касалликларини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш билан шуғулланувчи шифокор. Бу тоифага эзофагит – қизилўнгач яллиғланиши, рефлекс, сурункали гастрит – ошқозон яраси касаллиги, ўн икки бармоқли ичак яраси, ичаклар таъсирланиш синдроми, сурункали гепатитлар ва жигар циррози, холицистет каби касалликлар киради.

Терапевт – ички аъзолар касалликлари билан шуғулланувчи шифокор. Аксарият ҳолларда бемор ўзини безовта қилган муаммонинг асл сабабини билмаганда биринчи бўлиб терапевтга мурожаат қилади. Терапевт кўригидан сўнг, унинг йўналиш бериши бўйича тор доирадаги мутахассисларга мурожаат қилиши мумкин. Нефролог – буйрак касалликларини даволовчи мутахассис. Бу йўналишда сурункали пиелонефрит, ўткир ва сурункали гломерулонефрит, сийдик-тош касалликлари ва қандли диабет касаллиги асоратлари билан касалланган беморлар даволанади.

Онколог – хавфли ва хавфсиз ўсма, яъни саратон касалликларини ташхислаш, даволаш, олдини олиш билан шуғулланувчи мутахассис. Саратон касаллиги организмнинг ҳар бир органида бўлиши мумкин. Энг кўп учрайдиган турлари – меъда, кўкрак бези, лимфомалар ва бачадон, бачадон бўйни саратонидир.

Маммолог – сут бези касалликларини даволаш ва ташхислаш билан шуғулланувчи мутахассис. Мастопатия – сут безлари касаллиги бўлиб, унинг диффузли, тугунсимон ва фиброз-кистозли турлари мавжуд. Бундан ташқари, сут безларида фиброаденома, киста, аденоз, кистоэпителион ва ҳоказо хавфсиз ўсмалар ҳам учраши таъкидланади. Аллерголог – аллергик касалликлар ва аллергик реакцияларнинг келиб чиқиши, ривожланиши ҳамда уларни даволаш, профилактика қилиш бўйича мутахассис. Бунда бронхиал астма, аллергик ринит бурун битиши, қичишиши ва сув келиши, аллергик дерматит, яъни терида қичишиш кабилар киради. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top