3:14

Фурсатни ғанимат билинглар

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Севикли болалар каби Худога эргашинглар. Масиҳ сизларни жуда севгани учун, сизлар учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган, хуш ҳидли қурбонлик келтирди. Сизлар ҳам худди шундай муҳаббат билан яшанглар. Сизнинг орангизда ҳеч қандай зиногарлик, ифлослик ёки тамагирлик ҳатто тилга олинмасин. Булар муқаддас кишиларга муносиб эмас. Шунингдек, беадаб ва ахлоқсиз гап ёки майнабозчилик ҳам бўлмасин. Булар сизга муносиб эмас. Яхшиси, Худога шукур қилинглар. Шуни билиб қўйинглар: ҳеч бир фоҳиш, ифлос ёки тамагир киши Масиҳнинг ва Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди. Ҳеч ким сизларни қуруқ гаплар билан алдамасин. Ана шу нарсалар учун осий бандаларнинг бошига Худонинг ғазаби келади. Шу сабабдан сиз уларга шерик бўлиб қолманглар.

Сиз бир вақтлар зулмат эдингизлар, энди эса Раббимизга тегиб, нур бўлдингизлар. Аҳли нур бўлиб яшанглар. Нур ҳар хил эзгулик, одиллик ва ҳақиқат меваларидан иборат. Раббингизга нима мақбул бўлишини ўрганиб олинглар. Зулматнинг бесамара ишларида иштирок этманглар, аксинча, уларни фош этинглар. Зулматда махфий қилинадиган ўша ишлар ҳақида гапириш ҳам уятдир. Зотан ҳамма нарса нур орқали фош бўлиб, очиқ-ошкор кўринади. Ёруғликка чиққан ҳамма нарса аён бўлади. Қўшиқда айтилганидай: «Эй ухлаган, тур! Ўликлар ичидан тирил!

Масиҳ сенга нур сочар». Шундай қилиб, қандай яшаётганингизга ўзингиз диққат қилиб қаранглар. Нодонлар каби эмас, доно кишилар каби кун кечиринглар. Фурсатни ғанимат билинглар, чунки биз яшаётган кунлар – ёмон кунлар. Шунинг учун беақл бўлманглар, балки Раббингизнинг иродаси қандай эканини англаб олинглар. Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб-тошинглар. Шу мақсадда Забур хониши, руҳий мадҳиялар ва қўшиқлар билан бир-бирингизга насиҳат қилинглар, чин юракдан Раббингизни куйлаб, ҳамду санолар ўқинглар. Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Отамиз Худога шукур қилинглар. Масиҳни ҳурматлаб, бир-бирингизга бўйсунинглар. (Эфес 5). Азизлар, Худойимиз Ўз хаворийси орқали мана шу ажойиб оятларни бизга етказган.

Уларни ўқир экансиз, Каломнинг нақадар ажойиб ва доно эканини тан оласиз. Келинг, биз ҳам, қўлларимизни дуога очиб, Раббимиздан ҳаётимизни ўзгартиришини сўраймиз. Худойим, Парвардигорим, бизга аҳли нур бўлиб яшашни ўргат. Ахир, айнан Сенинг нуринг ҳар хил эзгулик, одиллик ва ҳақиқатдан иборатдир. Нурингни сочиб ёмонликларимизни ва ёвузликларимизни ўзинг ошкор қилгин. Нодонлар каби эмас, аксинча, доно кишилар каби кун кечиришни бизга ўргат. Қудратинг билан бизни Муқадда Руҳинга тўлиб-тоширгин. Бир биримизни қўллаб-қувватлаб ибодат қилишда тўхтамайлик. Сенинг муқаддас исминг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин!

Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top