2:44

Табассум

MP3

Ассалому алайкум гўзал опа-сингиллар. Аёл қалби… У ўзгача бир олам. Унинг учун энг кераклиси, биринчи навбатда ширин сўз ва эътибор. Аёл қалби шу нарсаларга эга бўлса, ишида ҳам, ҳаётида ҳам фақатгина ўсиш, яшнаш бўлади. Аёл қалби… жудаям нозик, нафосатга бой олам. Бу олам вакиллари меҳрга, муҳаббатга муҳтож. Биргина ширин сўз унинг дилини ёритиб, ёндириб юборади. Эркак киши учун арзимаган калом аёлни қудратли қилиб юборади. Аёлларни бекорга гулга ўхшатишмайди. Ширин муомала билан суғорилса, гуллаб-яшнаши, шамол тегса, сўлиб қолиши мумкин. Айрим ҳолларда аёлларга кечирилмайдиган муомала қилишади. Айни шу дамда унинг қаҳри қаттиқлашади… Аёл қаҳрига дуч келишдан ёмони йўқ. Аёл севилса, севги билан жавоб қайтаради.

Ҳаётда бағритош аёллар ҳам учрайди. Улар бағритош бўлиб туғилишмаган. Уларни ўсган муҳити шундай қилиб қўйган. Қиз фарзандни қандай муҳитда тарбияласангиз у шундай бўлиб ўсади. Агар қизалоқни меҳр ва ғамхўрлик билан тарбия қилсангиз келажакда ундан ажойиб, гўзал, меҳрибон аёл чиқади. Қизалоқ қаттиққўллик билан, тинимсиз калтаклашлар ва совуқ муносабатга тўла оилада катта бўлса, у ҳам келажакда шундай бағритош, совуқ ва ҳиссиётларини ташқарига чиқармайдиган аёл бўлиб етишади. Аёл қандай оилада вояга етган бўлмасин, ўз камчиликари устида ишлаши керак. У тўлақонли аёл бўлиши учун, ҳиссиётларини жиловлай билиши, ўзини босиб олиб ақл билан иш тутишга ўрганиши керак. Агар аёл ҳиссиётларини кўрсатишга ўрганмаган бўлса, ўрганишнинг кечи йўқ.

Бунинг учун табассум энг дастлабки қадам ҳисобланади. Тез-тез табассум қилиб туринг. Кишини совуқ қарши олгандан кўра табассум билан қарши олган яхшироқ. Сиз бошқаларга қандай муомала қилсангиз, сизга ҳам шундай муомала қайтади. Ҳаёт худди ойнага ўхшайди. Агар унга кулиб қарасангиз, у ҳам сизга кулиб боқади. Ҳаётда қандай қийинчилик кўрманг, барибир, табассум қилишдан тўхтаманг. Табассум билан кўпгина кўнгилсизликлар юкини енгиш мумкин. Ниятларингизни яхши қилинг. Ҳаётингизнинг кечиши, ниятларингизга ҳам боғлиқ. Кейин эса умидингизни сўндирманг. Ҳеч қачон умид қилишдан тўхтаманг. Шунда ҳаёт зарбаларига дош бера оласиз. Ҳаётда аёл доимо тик туриши учун, яқинларининг кўмагига таянади. Унга биринчи навбатда турмуш ўртоғининг ёрдами керак.

Аёлнинг турмуш ўртоғи уни тушунса, қўллаб-қувватласа, аёл ҳар доим ўзини кучли ҳис қилади. Турмуш ўртоғи ва яқинлари қўллаб-қувватлаган аёлнинг ишлари доимо беш бўлади. Бундай аёл ҳеч қачон тушкунликка тушмайди. Аёлнинг ҳам руҳан ҳам жисмонан соғлом бўлиши оиланинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлади. Ахир оилани мустаҳкам қилиб, уни ички томондан бошқариб турадиган аёлнинг зукколиги ва ҳаракатлари-да. Аёл меҳрини қуёшга ўхшатишади. Чиндан ҳам аёл табассум қилганида, турмуш ўртоғи ва фарзандларининг юрагига қуёш каби илиқ нурларини юборади. Шундай экан аёл табассум қилиб юришни канда қилмаслиги ва бу нарсани фарзандларига ҳам ўргатиши керак. www.najot.com сайтимиз сизга бир-биридан қизиқ маълумотларни ҳадя этади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top