3:26

Қулликка қайтманглар

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.

Шундай қилиб, Масиҳ бизга берган эркинликни маҳкам тутинглар, қайтадан қуллик бўйинтуруғини тақманглар. Буни мен, Павлус, сизларга гапиряпман: агар сизлар суннат қиладиган бўлсангизлар, Масиҳ сизларга фойда қилмайди. Хатна бўладиган ҳар бир одамга яна таъкидлаб айтаман: у бутун Илоҳий Қонунни бажаришга мажбурдир. Сизлар: Қонунга амал қилиб ўзимизни оқлаймиз, деб Масиҳдан ажралгансизлар ва Худо иноятидан маҳрум бўлгансизлар. Бизлар эса Илоҳий Руҳдан умидвор бўлиб, имонимиз асосида оқланишимизни кутамиз. Исо Масиҳ йўлида на суннат, на суннатсизлик бирон ишга ярамайди, фақат муҳаббат билан амал қилувчи имон ярайди. Сизлар яхшигина қадам отаётган эдингизлар.

Шундай экан, ҳақиқатга итоат қилишингизга ким халақит берди? Сизнинг бу инонувчанлигингиз сизни Даъват қилувчидан бўлмади! Озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитади! Раббим ҳақи ишончим комилки, сизлар бу хусусда бошқача фикр қилмайсизлар. Фикрингизни чалғитувчи ким бўлмасин, шунга яраша жазосини олади. Биродарлар, мен ҳали ҳам суннатни тарғиб этаётган бўлсам, нима учун ҳануз таъқибларга дучор бўлмоқдаман? Ундай бўлса, хоч васвасаси йўққа чиқар эди-ку! Қанийди сизларни бу гап билан изтиробга солувчилар ўзларини бичишса!

Эй биродарлар, сизлар эркинликка чорлангансизлар. Фақат бу эркинликни нафсингиз учун қурбон қилманглар, балки бир-бирингизга муҳаббат билан хизмат қилинглар. Чунки Илоҳий Қонуннинг ҳаммаси бир сўзда жамланади, яъни: «Ўзгани ўзинг каби севгин». Аммо сизлар бир-бирингиз билан тишлашиб, ғажишсангизлар, эҳтиёт бўлинглар, тағин бир-бирингизни еб битирманглар! Мен шуни айтмоқчиман: Илоҳий Руҳ амри билан яшанглар, шунда табиатингиздаги ёмон эҳтирослар жунбишга келмайди. Чунки инсон табиати Илоҳий Руҳга, Илоҳий Руҳ эса инсон табиатига қарши йўналтирилган. Бу иккови бир-бирига душман бўлгани учун, сизлар истамаганингизни қиласизлар. Агар сиз Руҳ амри остида яшаётган бўлсангиз, унда Қонун амри остида эмассизлар.

Башарий табиатнинг ишлари маълум, чунончи: фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур, бутпарастлик, жодугарлик, душманлик, жанжалкашлик, рашк-ғазаб, манманлик, ихтилофчилик, бидъатчилик, ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар (Гал. 5). Азизлар, ҳаётингиз қандай кетяпти? Эски ҳаётингиз сизни безовта қилмаяптими? Раббимиз хочда жон бериб, бизларни ана шу эски ҳаётдан, яъни ўша жардан бизни чиқариб олган эди. Шундай экан, дадил бўлиб, ўша жарга қайтиб тушмаслик учун тинмай ибодату-дуо қилсак арзийди. Осмондаги Отажон, севгинг чексиздир. Айнан севгинг туфайли, хочда бегуноҳ қон тўкилди. Гунохкорлар ҳаёт бўлиши учун муқаддас қон тўкилди. Шундай экан, бизни эски ҳаётимизга, ўша гуноҳ ва шайтон қуллигига қайтмаслик учун бизга имон бер. Қалбларимизни Муқаддас Руҳинг билан тўлдиргин. Сенга бўлган севгимиз кундан кунга ошиб борсин. Сен томон олиб борувчи имон йўлида кетишда давом этайлик. Сенинг муқаддас исминг ила ибодат қилдик. Омин! Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top