3:17

Худо – тасалли манбаи

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.

Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо, марҳаматли Ота, Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бутун ғам-қайғуларимиз учун бизга тасалли беради. Шу тариқа ўзимиздек ҳар турли қайғуларга йўлиққан бошқа одамларни биз Худодан олган тасалли билан овунтира оламиз. Масиҳнинг азоблари бизда қанча кўпаяётган бўлса, Масиҳнинг тасаллиси ҳам бизда шунча кўпаймоқда. Агар биз ғам-қайғу чекаётган бўлсак, бу сизлар тасалли ва нажот топишингиз учундир. Ва агар биз тасалли топаётган бўлсак, бу ҳам сизларнинг тасалли топишингиз учундир. Биз чекаётган қайғуларга ўзингиз ҳам йўлиққанингизда, шу билан тасалли топиб, сабр-тоқат қиласизлар.

Сизларга ишончимиз комил, чунки сизлар аламларимизгагина эмас, тасаллимизга ҳам шерик эканингизни биламиз. Эй биродарлар, Асия вилоятида бошимизга келган кулфатлардан хабарсиз қолишингизни истамаймиз. Биз ҳаддан ташқари, чидаб бўлмайдиган даражада эзилдик, ҳатто соғ қолишга умидимизни йўқотган эдик. Ҳа, ўлимга маҳкум бўлганимизни ўз вужудимизда сезардик. Бу шунинг учун бўлдики, биз ўзимизга эмас, балки фақат ўликларни тирилтирувчи Худога умид боғлайлик. Ҳақиқатан ҳам Худо бизни шундай катта ўлим таҳликасидан қутқарди ва яна қутқаради. Ҳа, У бизни яна қутқаради, деб Ундан қаттиқ умид қиламиз.

Чунки сизлар ҳам биз учун ибодат қилишда иштирок этиб келяпсизлар. Шундай кўп кишиларнинг илтижоси туфайли Худо бизга иноят кўрсатди, токи буни яна кўплар билиб, биз туфайли Худога шукр қилсинлар. Бизнинг ифтихор қилишимизнинг сабаби бор, виждонимиз ҳам шундан далолат берадики, биз бу дунёда, хусусан сизлар билан бўлган муносабатимизда инсоний ҳикмат билан эмас, балки Худонинг инояти билан, муқаддаслик билан, Худога мақбул бўлган самимийлик билан ҳаракат қилдик. Биз сизларга нима ёзсак, ўқиб, англаб етинглар, деб ёзамиз. Умид қиламанки, сизлар буларни охиригача англаб етасизлар.

Сизлар, қисман бўлса ҳам, бизни англагансизлар ва биласизларки, Раббимиз Исо Масиҳнинг оламга қайтадиган кунида биз сизнинг фахрингиз, сиз эса бизнинг фахримиз бўласизлар. Азизлар, бугунги ибодатни айнан шу мавзуга, аниқроғи, Худойимиз тасалли манбаи эканига бағишламоқчиман. Ибодатимга шерик бўлинг! Азиз Отажон, Сенинг номинг улуғлансин. Сенинг шоҳлигинг ҳаётимиздан ўрин олсин ва маскан қилсин. Ушбу ҳаёт Сеникидир. Ҳар бир нафасимиз, юрагимизнинг ҳар бир уруши Сен муқаддасга тегишлидир. Шундай экан, ҳаётимизни Ўзинг бошқаргин. Имонимиз учун қувғинларга ва қийинчиликларга дуч келганимизда Сенинг номингни улуғлашни бизга ўргат. Муқаддас Руҳингни вужудимизда ҳис этишни ўргат. Аҳир, Сен тасалли манбаисан! Сен орқали юраклар тинчликка ва хурсандчиликка тўлади. Нима қилмайлик, қай вазиятларга дуч келмайлик, хаммаси Сен орқали амалга ошишига умид боғлайлик. Сенинг муқаддас исминг доим қалбларимиздан ўрин олсин. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top