3:22

Мақсадсиз ҳаёт

MP3

Салом азизлар. Ҳаётингизда мақсад ёки орзу борми? Эрталаб уйғонганингизда ҳаёлингизга биринчи навбатда нима келади? Қайси кайфият билан биринчи қадамни босасиз? Биласизми, ушбу саволни неча ака-укаларга ёки опа-сингилларга берган бўлсам, хали бирон кишидан аниқ жавоб ололмадим. Ҳа, бу ҳақиқат. Минг афсус, кўпчилик мақсадсиз ҳаёт кечиришига амин бўлдим. Нима учун бундай? Нима учун одамларда мақсад ёки орзулар йўқ. Ушбу мураккаб туюлган, лекин осон савол устида ўзим ҳам фикр юритиб бир нарсага кўзим тушди. Мақсад ёки орзулар айнан оиладан бошланар экан. Айнан, ота-оналаримиз ўз фарзандларига орзу қилишни, олдиларига мақсадлар қўйишни ва шу йўсин шуларга эришиш йўлларида ёрдам беришлари керак экан. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Бола мактабга чиқди.

Лекин мактаб орзулар ёки ҳаётий мақсадлар қўйишда деярли ёрдам бермайди. Қўйиши ҳам мумкин, лекин уларга қандай эришиш мумкин эканини сирини очмайди. Хўш кейинчи? Кейин бола олий ўқув юртига киради. У ерда ҳам худди шундай вазият. Бола талабага айланди, лекин мақсадсиз ҳаёт кечириб таълим олади. Нима учун дейсизми? Чунки, қандай ўқув юрти бўлмасин, мактабми, колледжми, университетми, уларнинг барчаси бизга маълумот беради, балки сифатли олий маълумот билан таъминлайди. Лекин, маълумот олган дегани, ҳаётдаги орзуларга етиш, қолаверса, ушбу мураккаб ва тез ўзгарувчан дунёнинг чақирувларига ва қийинчликларига бардош бериб, улардан ғолибона ютиб чиқишни ўргатмайди.

Шунинг учун, буюк мақсадлар қўйиш, орзуларга эришишнинг илк қадамлари айнан оиладан бошланар экан. Орзу ва мақсадга эга бўлган одам мақсадсиз ҳаёт кечираётган одамдан анча фарқланади. Чунки, ҳаётда буюк мақсадлага эга одам хеч қачон вақтини бекорга кетказмайди. Унинг барча харакатлари уни мақсадга етаклайди. У эрталаб кўзини очиши биланоқ, хаёлига биринчи навбатда унинг мақсадлари келади. Айнан унинг орзулари уни эрта туришга ва хар куни мақсадига озгина бўлса ҳам яқинлаштиради. Бундай одам, бор кучини, билимини ва ҳаётдаги хар бир харакатини айнан мақсаду-орзуларни амалга ошишига қаратади. Бундай одам мақсад қўйиб, танлаган мақсадига тезроқ эришиш учун билимини оширади. Бундай мақсад билан боғланган одамга хеч нима тўсқинлик қилолмайди.

Кўпчиликдан мақсадлар ҳақида сўраганимда, улар, “Мақсадга эришиш учун пул керак”, дейишади. Ёки мақсадга эришиш йўлида кўпгина тўсқинликлар борлигини айтишади. Лекин бу ҳақиқатга тўғри келмас гаплардир. Чунки, мақсади бор одамни хеч нарса тўхтата олмайди. Бундай одамларга маблағ муаммо эмас. Чунки улар биладики, орзу, мақсадлар ва ниятлар яхши бўлса, Худо хамиша ёрдам беради. Худо бундайларни мархаматлайди ва баракалайди. Хурматли ота-оналар, сизларга айтар гапим шуки, фарзандингизга ёрдам беринг. Барча фарзандлар ноёбдир. Худойимиз уларнинг хар бирига ноёб ином бергандир. Уларнинг иномларини топишга ёрдам беринг, олдиларига мақсадлар қўйиб, уларга қандай эришиш ва бунинг учун нималар қилиш кераклигини, мақсадларига ва орзуларига ўзларини бағишларига кўмакдош бўлинг. Шунда фарзандингиз ўзи севган ишини топиб ҳаётини анча маънога тўлдириш имконига эга бўлади. Раббимиз сизга сабр ва донолик беришини сўраб қоламан. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top