Минг йиллар мобайнида одамлар ҳақиқатни излашган. Лекин, бирон нимани излашдан аввал, аниқ нима излашни билиш даркор, бўлмаса, барча изланишлар натижасиз қолиши муқаррар. Ўзинг билмаган нарсани излаш мушкулдир. Ҳақиқатни излашдан аввал, ҳақиқат ўзи нима экан деган саволга жавоб топиш даркор. Ҳар бир инсон учун ҳақиқат ўзгачадир. Одамлар бир ҳил нарсага қараб, уни ҳилма ҳил кўришади ва уни ўзгача қабул қилишади. Сиз учун ҳақиқат бўлган нарса, бошқалар учун ҳам шундай экан дейиш қийин бўлади. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир одам, ўзининг ҳақиқатига эгадир. Масалан, кимдир, зебрага қараб, у оқ танадаги қора чизиқларга эга деса, бошқалар эса, йўқ, бу қора зебра, чизиқлари эса оқ рангда дейиши мумкин. Иккаласи ҳам ушбу мисолда ўзича ҳақдир. Лекин бу чиндан ҳам ҳақиқатмикан? Лекин гап шундаки, сиз излаётган ҳақиқат ҳамма учун ҳақиқат бўлиши керак. Сиз излаётган ҳақиқат бутун мавжудотнинг азалий ва абадий ўзгармас бирламчи асосга эга ҳақиқат бўлиши даркор. Сиз излаётган ҳақиқат ҳақиқатан ҳам мутлақ ҳақиқат бўлиши керак. Сиз излаётган ҳақиқат илоҳий бўлиши ва у озодлик ҳақида бўлиши керак.
Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: – Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади. – Биз Иброҳим наслимиз, – деб жавоб берди улар. – Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Сен қандай қилиб, „Озод бўласизлар”, деяпсан? – Сизларга гапнинг ростини айтсам, – деди Исо, – гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир. Қул уйда умрбод турмайди, ўғил умрбод туради. Шундай қилиб, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан эркин бўласизлар. Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингизга ўрнашмайди. Мен Отамнинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сўзлаб бераман. Сизлар эса ўз отангиз ҳузурида кўрганларингизни бажарасизлар. (Юҳанно 8)
Хўш, агар хазрати Исонинг Каломига риоя қилсак, биз Унинг шогирдларига айланамиз. Биз ҳақиқатни билиб оламиз ва ўша ҳақиқат бизни озод қилади. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Ҳақиқатни билиш қандай қадамлардан иборат бўлиши мумкин? Унга шогирд бўлиш, аввалам бор имондан бошланади. Кейингиси, шогирдлик дегани, бу Устоз билан доим бирга бўлиш деганидир. Унга қулоқ солиш, Ундан доим ўрганиш, Унинг ҳар бир айтган сўзининг мағзини тушунишга жон куйдириш ва энг асосийси, Унинг айтганларини амалда, яъни ҳаётда қўллашни ўз ичига олади. Айнан Устозимиздан ўрганиш бизни ҳақиқат излашимизга ва ҳақиқатга яқинлашишга ёрдам беради. Айнан, хазрати Исонинг ҳақиқати бизга ҳаётнинг асосий ва ҳақиқий маъносини очиб беради. Сиз ҳаётингизни нимага бағишлайсиз? Тирикчиликками? Ёки ўткинчи дунёнинг алдамчи эхтиросларигами? Ёки Худога хизмат қиласизми? Айнан хазрати Исонинг нурида, унинг донолигу – ҳақиқатлари билан яшаган холда ҳаётингизда сиз нима муҳим нима эса муҳим эмас деган саволга жавоб топасиз. Айнан хазрати Исодаги ҳақиқат бизни озод қила олади. Омон бўлинг, азизлар. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.