3:39

Ҳавас ва ҳасад

MP3

Салом азизлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Одамлар қизиқ. Кимдир ҳавас қилиб, кимдир эса ҳасад қилиб яшаб ўтади. Албатта, кўпчилик ҳавас қилиб яшаш керак дейди. Бу чиндан ҳам яхши туйғу билан яшаш демакдир. Лекин, бу мавзуни давом эттиришдан аввал, сизга Каломдаги бир оятни ўқиб бераман. “Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас. Севги бебошлик қилмас, худбинлик қилмас, аччиқланмас, кек сақламас. Севги ноҳақликка севинмас, аксинча, ҳақиқат ила шод бўлур. Севги ҳар нарсани кўтарар, ҳар йўлда ишонч ҳосил қилар, ҳар шароитда умид сақлар, ҳар нарсага тоқат қилар.” (1Кор 13).

Хўш, бордию ўзганинг яхши нарсасини кўриб қолсак, унга ҳавас қилиш керакми? Сиз нима деб ўйлайсиз? Ҳавас қилиб, ўзганинг нарсасига эга бўлиш истагини туғдирмайдими? Менимча, шундай ҳам бўлади. Одам, аввалам бор ўзига чиндан ҳам муҳим ва керак бўлган нарсаларга интилиши яхшидир. Ундан ташқари, борига Худога шукр қилиб яшашга нима етсин, дейсиз! Чиндан ҳам, ўзганинг нарсасига ҳавас қилишни ўрнига сиз ҳам ҳаётингизда муҳим ва долзарб мақсадлар қўйиб, уларга эришиш йўлида жон куйдирсангиз унинг фойдаси анча кўпроқдир. Ҳавас қилсангиз ҳам, ҳавас билан чегараланиб қолмаслик керак. Чунки, ҳавас ўткинчидир, у ҳам худди яхши туйғу каби ўтиб кетиш одатига эга.

Бу ҳақда яхшилаб фикрлаш фойдалидир. Нима учун кимлардир машина, уй ёки бошқа нарсаларга эга. Уларга назар ташлар экансан, кўпчилик ўзини камситади, мени қўлимдан хеч нарса келмайди ва шунинг учун бутун умрим ҳавасда ёки ҳасадда ўтади дейди. Лекин, ҳақиқатан ҳам қўлингиздан хеч нарса келмайдими? Агар шундай фикр билан яшаётган бўлсангиз, демак сиз бу ҳаётда хеч нарсага эриша олмайсиз. Бундай тарзда фикрлаш, худди Шайтоннинг алдовларига ишониб яшаш билан баробардир. Чунки, Худо сизни ажойиб қилиб яратган. Сизни у танлаб олган, сизни чексиз севган ва хеч қачон ташлаб қўймаслигини ваъда қилган.

Шундай экан, сиз ўзингизда ва ўз қобилиятларингизда хеч қачон шубҳаланмаслигингиз керак. Аслида, сиз чексиз қобилиятларга эга инсонсиз. Бошқалар каби, сиз ҳам ажойиб ва ноёб инъомларга эгасиз. Сиздаги қўрқув албатта хар ҳил шубҳалар туғдиради. Ёки бўлмаса, бирон бир иш билан шуғулланишни истайсизу, лекин буни ҳеч қачон қилиб кўрмаганингиз учун шубҳага ва ҳавотирга тушасиз. Хеч қачон кўп пул ишлашни мақсад қилманг. Ундан кўраси, ўзингиз севган ишда ишлашни ёки орзу қилган мутаҳассисликда фаолият қилинг ва шу фаолият турида сиз энг моҳир уста ёки мутаҳассис бўлишга харакат қилганингиз яхшироқ. Шунда пуллар ўзи олдингизга келади. Бир куни рассом Пикассони олдига бир аёл келибди. У ундан бир парча қоғозга бирон бир расм чизиб беришини илтимос қилибди. Пикассо, унинг илтимосини четда қолдирмай, оқ қоғозни олиб, қалам билан ўттиз сония ичида ажойиб расмни чизиб берибди. Ҳайрон қолган аёл, ундан “Жаноб Пикассо, сиз ўттиз сонияда шундай ажойиб ва қиммат расмни чизиб бердингиз, қойил!” дебди. Буни қандай қиласиз, деб сўрабди. Пикассо унга жавобан, “Ўттиз сонияда расм чизишни, ўттиз йил ўргандим” дебди. Сиз ҳам азиз дўстим, ўрганишда тўхтамаслигингизни, бирон бир ишда кундан кунга яхшироқ бўлишингиз учун сира тўхтамаслигингизни сўраган бўлардим. Ахир, сиз ажойиб тарзда, ажойиб қобилиятлар ва инъомлар билан яратилгансиз. Сизнинг ҳам қўлингиздан кўп иш келади. Омон бўлинг, азиз дўстим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top