3:10

Шогирд ва инъомларнинг мақсади

MP3

Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Келинглар, Павлуснинг Коринфликларга ёзган 1–мактубидаги 12–бобни кўриб чиқайлик. Бу бобда инъомлар рўйхати келтирилган. Бобнинг 1–11–оятларида инъомларнинг турличалиги ва кенг кўламда ишлатилганини кўришимиз мумкин.

Кўпинча китобхонлар шундай саволлар билан мурожаат қиладилар: “Бу рўйхат тўлиқми ёки бу ерда тилга олинмаган бошқа инъомлар ҳам борми? Муқаддас Китобда бундан ҳам тўлиқроқ рўйхат мавжудми? Худо Муқаддас Китобда айтилган инъомлар билан чекланиб қоладими?” Менинг ўйлашимча, Муқаддас Китобда, чунончи, 8–10–оятларда келтирилган инъомлар рўйхати шунчаки мисол қилиб келтирилган. Аслида, Худо берадиган инъомларнинг чеки йўқ. Бу ниҳоятда муҳим масала, чунки сиз шогирдингизга инъомларини топишга ёрдам берганингизда, уни рўйхатдаги инъомлар билан чеклаб қўйишингиз ёки бу масалага кенгроқ қарашингиз мумкин. Мен одамларга инъомларини топишда ёрдам берганимда шундай ғояга асосланаман: “Муқаддас Руҳ томонидан бошқарилган одамдаги ҳар қандай қобилият ва инъом Худодан берилган.”

Муқаддас Китобдаги инъомлардан ташқари биз шогирдимиздаги мусиқа, рассомчилик, ёзувчилик ёки санъат соҳасидаги қобилиятларга эътибор беришимиз мумкин. Шогирдимизга инъомларини топишга ёрдам берганимиздан кейин, қандай қилиб бу инъомлар орқали янги шогирдлар орттириш мумкинлигини кўрсак бўлади.

Худо биз учун тайёрлаб қўйган барча эзгуликларга биз Исо Масиҳнинг хочдаги ўлими туфайли эриша оламиз. Масиҳга имон боғлаган одам сифатида мен Худо менга берган барча нарса учун ўзим жавобгарман. Шогирдингизга Худо берган инъомларини топишга, уларни ривожлантириб, ишлатишга ёрдам берар экансиз, унга жавобгар инсон бўлиб етишишга кўмаклашган бўласиз. Чунки Исонинг ўлими туфайли берилган бу инъомларни ўзлаштириш — ҳар бир масиҳийнинг жавобгарлигидир. 12–31–оятларда бадан ва баданнинг узвлари ҳақида сўз юритилган. Узвлар баданни ташкил қилиб, ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Юқорида айтганимиздай, Муқаддас Руҳ ҳар бир кишига ўзига ҳос инъомларни беради. Бу дегани, ҳар бир имонли кишининг жамоатда ўз ўрни бор, шу билан бирга, у жамоатнинг бошқа аъзолари билан чамбарчас боғлиқдир. Бу парчадан кўриниб турибдики, ўзимизни бошқалар билан солиштириш ғирт аҳмоқликдир. Мен ўзимни биродарим билан солиштирганим, гўёки қўлни оёқ билан солиштиришга ўхшайди. Агар мен жамоатдаги ўз вазифамни ва биродаримнинг вазифасини тўлиқ англай олсам, мен унинг муваффақиятига севина оламан, чунки унинг муваффақияти бутун жамоатимизга ижобий таъсир кўрсатишини биламан. Бордию сизларда Буюк Топшириқ ҳақида қизиқарли хиколялар бўлса, уларни бизга юборинг. Раббимиз сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top