Ассалому алайкум ораста ва зукко бекажонлар. Баҳор келиши билан биз аёллар ҳар томонлама яшнаймиз. Баҳор қиши билан беркинган гўзалигимизни намоён этиш фаслидир. Баҳор янгиланиш, ўзимиз ва оиламиздагиларнинг соғлиғига эътибор қаратиш фасли ҳамдир. Кўкатлар чиқиши билан, оила аъзоларимизнинг бутун қиш давомида йўқотган витаминларини ўрнини тўлдириш учун кўклардан турли таомлар ва пишириқлар тайёрлаб берамиз. Оила аъзоларимизга мазали таом тайёрлаб бераётганимиздан бир қувонсак, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаётганимиз учун икки қувонамиз. Бозорлардаги ёки томорқамиздаги ўзимиз эккан кўкатлар жуда кўп нарсага даво эканини биламиз. Аммо айнан нималарга даво эканлиги ёдимиздан кўтарилган. Ўша ёдимиздан кўтарлиган маълумотларни яна бир бор ёдингизга солишни маъқул кўрдик.
Келинг кўкатларнинг сеҳри нималарга қодир эканлигини биргаликда билиб оламиз. Қуюқ сочга эга бўлишни истайсизми? Унда сочларингизни тез-тез қичитқи ўт дамламасига чайиб туринг. Ухлашга қийналадиган бўлсангиз, хушбўй лавандани халтачага солиб, каравотингиз ёнига қўйинг. Шубҳасиз, ҳар бир инсон доривор ўтлар ҳақида бироз бўлса-да маълумотга эга. Айниқса, дала қўйнига чиқмоқчи бўлсангиз, уларни қўллашнинг айни мавриди. Агар ҳовлингизда кашнич ёки ялпиз бўлса, уни кесиб салатга қўшиш мумкин ёки ушбу кўкатдан ниқоб қилишингиз мумкин. Даладан доривор ўсимликлар йиғмоқчимисиз? Унда бунинг учун аввало алоҳида билимларга эга бўлишингиз зарур. Биз билган ва билмаган доривор кўкатлар ўзида бебаҳо ҳислатни яширар экан.
Мармарак деган доривор ўсимлик иштаҳа очишда жуда фойдали экан. Бунинг учун бир ошқошиқ кўкатни бир стакан қайнаган сув билан дамланг ва 20 дақиқа давомида тиндиринг. Дамлама овқат тановули пайтида майда қултумлаб ичилади. Қандай таом тайёрламайлик укроп, кашнич каби кўкатлар билан бирга албатта кўк пиёз ҳам сотиб олинади. Кўк пиёзни севиб тановвул қилишга ўргансангиз, «дангаса ошқозон»ингизга ёрдам берган бўласиз. Яна бир доривор ўсимлик бу – тошчўп ёки тимъян. Бу ўсимлик бўғимлар оғриғига жуда ҳам шифо экан. 500 гр кўкат устидан 4 литр қайнаган сув қуйинг ва 1-2 соат давомида тиндиринг. Дамламани сув тўлдирилган ваннага қуйинг ва шу ваннада ётинг. Муолажа 15-20 дақиқа давом этади.
Розмарин – исми жисмига монанд бўлган бу доривор ўсимлик чарчоқларимизни тарқатишга ёрдам беради. Розмарин мойи билан қилинган уқалаш муолажаси қон айланишини яхшилайди ва тетиклаштиради. Эрта саҳарда товонларингизга розмарин мойидан суртинг ва розмарин қўшилган чойдан ичинг. Бу сизни кун бўйи тетик юришингизга ёрдам беради. Ўша ҳаммамиз билган, бувиларимиз севиб чаккасига таққан райҳон терини тетиклаштирар экан. Бунинг учун 4 ош қошиқ райҳон барглари 1 литр қайноқ сув билан аралаштирилади ва 5 дақиқа давомида паст оловда қайнатилади. Қайнатма сув тўлдирилган ваннага қуйилади. Муолажа 15-20 дақиқа давом этади. Бу ванна терингизни таранглаштириб, ҳушбўйлаштиради. Бу каби қииқарли маълумотларни фақат бизнинг www.najot.com сайтимиздан топишингиз мумкин.