3:11

Худо билади

MP3

«Насиҳатларини тугатиб, Исо Симонга: — Чуқурроқ сувларга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар, — деди. Симон унга жавоб бериб: — Устоз, бизлар туни бўйи уриниб, ҳеч нарса тутолмадик. Лекин Сенинг сўзинг бўйича тўрни ташлайман, — деди» (Лука 5:4-5).

Ассалому алайкум. Исо ўттиз ёшгача дурадгорлик билан шуғулланган, чунки Унинг ердаги отаси Юсуф дурадгор эди. Ўша пайтда Исо Масиҳ Ўз ишини яхши билганига шубҳам йўқ. Энди Петрга диққатимизни қаратайлик. Улар бир неча киши кечаси билан ҳаракат қилиб, ҳеч нарса тутолмадилар, бироқ Исонинг гапларидан кейин, Унга бўйсунишни маъқул кўриб, У айтганидай қилди ва мўл-кўл балиқ овлади.

Бундан бир ҳақиқатни ўрганишимиз мумкин. Исо Масиҳ бизнинг ишимиз ҳақида ўзимиздан ҳам кўпроқ нарса билади. Биз қаерда бўлмайлик, У билан бирга ишлашимиз керак. Уйдами, меҳмондами, саёҳатдами ёки ишхонадами, доимо Раббимиз Исо Масиҳ билан бирга ишласак, ҳеч қачон ютқазмаймиз. У дурадгор бўлса-да, Петрга қандай қилиб ва қаердан балиқ тутишни ўргатди. Агар Петрнинг ўрнида бошқа бир, Исони танимайдиган одам бўлганида шундай деган бўларди: «Ким балиқчи, сенми ёки менми? Сен дурадгор бўлсанг, менга балиқ тутишни ўргатмай, ўзингни ишинг билан шуғуллансанг-чи!» Баъзида биз имонлилар ҳам мана шундай йўл тутамиз. Исо Масиҳнинг қудратини чегаралаб қўйганимини ўзимиз билмай қоламиз. Чунки ўша замонларда банкир, муҳандис, кино-театр менеджменти, продюссер каби ишлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам шу ишларда ишлаганлар, Исонинг бу ишларга тиши ўтмайди, дея ҳаёл қилса керак. Аммо ундай эмас. Ҳақиқат шуки, биз қайси соҳада ишламайлик, Исо Масиҳ ишимиз ҳақида, биздан кўра кўпроқ нарса билади. Бошимизда қанча сочимиз борлигини билган Зот истаса сочимизни ҳам турмаклаб қўя олади.

Қандай ишда ишламанг, Худо билан бирга ишлашни унутманг. Аниқроғи, ишингизнинг ҳар бир босқичида, муаммосида, камчиликлари-ю ютуқларида Исо Масиҳ билан бирга бўлинг. Тасаввур қилинг, ишга янги келдингиз, бу иш бўйича тажрибангиз йўқ. Ишингизни яхши бажаришни истасангиз, Худонинг ёрдамини сўранг. Усиз ҳеч нарса қила олмаслигингиз аниқ. Қила олган тақдирингизда ҳам кучингиз ва билимингиз, фикрларингиз узоққа бормайди. Ишингизни Исо Масиҳ билан бирга қилинг деганимнинг сабаби ҳам мана шунда. Бу ишни Исо Масиҳдай яхши биладиган ҳеч ким йўқ. Шундай экан қалбингизга шу иш устасини таклиф қилиб, унинг ўгитлари ва насиҳатлари бўйича иш тутинг.

Ҳар кун ҳар соатда, энг майда деб ҳисоблаган ишингиз учун ҳам Худонинг ёрдамини сўранг. Буни ўзим эплай оламан, Худонинг ёрдами керак эмас, деган фикрга бориб, мағрурланиб кетманг. Худосиз энг кичик ишни ҳам бажара олмаслигингизни тан олинг. Нимаики қилсангиз, Худонинг ёрдами ва кучи билан қилиб, шарафни ҳам унга беришни унутманг. Агар ишлаётган соҳангизда анча вақт ишлаб қўйган бўлсангиз ва бу иш жонингизга теккан бўлса, ишга бўлган муносабатингизни ўзгартиринг. Бу ишни бошлиғингиз учун эмас, Худо учун қилаётгандай қилинг. Ҳар тонг иш бошлашдан олдин шуни ўзингизга эслатинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top