3:13

Кучли имон

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Бугундан бошлаб биз сизлар билан Каломдан муҳм ўрин эгаллаган ҳаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактуби ҳақида сўз юритамиз. Хаворий Павлуснинг Римликларга ёзган мактуби – гуноҳга ботган инсониятга бўлган Худонинг таъсири ҳақидаги китобдир. У, гуноҳкор қалбга шифо берувчи Раббимиз Исо Масиҳнинг Ҳушхабарини ёяди.  “Энг аввало, имонингиз шуҳрати бутун дунёга таралаётганини кўриб, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукр айтаман. Худо менга шоҳиддирки, мен Унинг Ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман.

Худо хоҳласа, ниҳоят ёнингизга бориш насиб этсин, деб тоат-ибодатдаман. Мустаҳкамланишингиз учун сизларга бирон руҳий инъом бахш этай, деб сизларни кўришни кўп орзу қиламан. Яна тўғриси, кўришганимизда сизнинг ҳам, менинг ҳам имонимиз бир эканидан ўзаро жасорат топамиз, демоқчиман.” (Римликларга 1).

Мактубнинг саккизинчи оятида, хаворий Павлус Римдаги масиҳийларнинг ажойиб томони ҳақида сўзлайди. У “Энг аввало, имонингиз шуҳрати бутун дунёга таралаётганини кўриб, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукр айтаман.” – деб айтади. Ахамият берган бўлсангиз, хаворий бу ерда уларнинг эришган ютуқлари ёки бўлмаса имонлилар сони ҳақида эмас, аксинча, уларнинг кучли имони ҳақида сўзлайди.

Айнан Римдаги масиҳийларнинг имонлари бутун Рим империясига овоза бўлган эди. Улар кучли имонга эга бўлиб, Масиҳ йўлида кўп харакатлар қилганликлари маълумдир. Уларнинг кучли имони бутун Римни ларзага келтирган эди. Бунинг сабабини хаворий Павлус, қуйидаги оятларда айтиб ўтади. “Худо менга шоҳиддирки, мен Унинг Ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман. Худо хоҳласа, ниҳоят ёнингизга бориш насиб этсин, деб тоат-ибодатдаман.” Айнан хаворийнинг ва қолган имонлиларнинг ибодатлари туфайли Римлик масиҳийларнинг имони ҳақидаги янгилик бутун Рим империясига тарқалган эди.

Хаворий Павлус, хали хеч қачон Римда бўлмаган бўлса ҳам, ўзининг қилган кўпгина сафарларида Римдан келган саёҳатчилар билан сухбатлашар эди. Уларни танимаса ҳам, Римдаги масиҳийларнинг кучли имони ҳақида кўп хикоялар эшитгани шубҳасиздир. Шунга қарамасдан, ҳаворий Павлус, “мен Унинг Ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман.” – деб айтади. Шунинг учун, Римдаги жамоат тез ривожланган. Бизнинг ҳаётимизда ҳам худди шундай. Бордию, биз ҳам, бир биримиз учун тинмай ибодат қилиб борсак, имонда кучли бўлиб, Худо йўлида кўпгина ишлар ўз мақсадига етган бўлар эди. Айнан, кучли имонга эга бўлишнинг энг тўғри йўли, бу узлуксиз ибодатлар қилишдир. Нафақат эрталаб, жума ёки якшанба кунлари, балки доим, яъни, доим Худонинг ҳаётимиздаги севгиси ва бизга йўл очиб бериши ҳақидаги фикр ва ният билан ҳаёт кечиришдир. Кўриб турганингиздек, Римдаги масиҳийларнинг имони кучли эканининг сири айнан уларнинг ибодатларида бўлган. Шу йўсин, бизнинг ҳам ҳаётларимиз айнан ибодат орқали таниб бўлмас даражада ўзгариб кетиши муқаррар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top