3:15

Мен учун ҳаёт – Масиҳдир, ўлим эса – ютуқдир

MP3

Салом азизлар. Раббимизнинг қилган уч йил хизматини ўрганар эканмиз, Осмон Шоҳлигини ўрнатишда анчагина иш қилганини кўрамиз. Унинг Ўзи ҳам, хизмати давомида учта муҳим иш қилгани ҳақида айтиб ўтгани аниқ. Масалан, Осмондаги Отасининг исмини улуғлаш учун, У ўзини камситгани. Иккинчидан, У оламга Худонинг буюк исмини ошкор қилгани. Учинчидан, У кўпгина эркагу-аёлларнинг юракларига Худонинг сўзларини айтиб, уларнинг қалбларини тубдан ўзгартириб юборди. Хар бир имонлининг ҳаёти Масиҳни таниб билишдан бошланади. Хеч ким, нажот билан дунёга келгани билан мақтана олмайди. Янги ҳаётни биз Худодан оламиз, чунки янги ҳаёт айнан Худонинг хузурида бўлган. Ўша ҳаёт эса, Раббимиз Исо Масиҳ эди. Юҳаннонинг биринчи мактубининг бешинчи бобида шундай сўзлар бор: “Исо Масиҳдир деб ишонган ҳар бир киши Худодан туғилган. Отани севган ҳар бир киши боласини ҳам севади.

Агар Худони севсак ва Унинг амрларига амал қилсак, Унинг болаларини ҳам севишимиз шаксиздир. Худони севиш – Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас; чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгади. Мана шу бизнинг имонимиз дунё устидан ғолиб чиқди. Исо Худонинг Ўғли деб инонган кишидан бошқа ким ҳам дунёни енга оларди?! Исо Масиҳ сув ва қон билан келди. У фақат сув билан эмас, сув ва қон билан келди. Руҳ эса У ҳақда гувоҳлик беради, чунки Руҳ ҳақиқатдир. Шундай қилиб осмонда учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир. Ерда ҳам учтаси гувоҳлик беради: Руҳ, сув ва қон. Бу учови бир. Гарчи инсонларнинг гувоҳлигини қабул қилсак-да, аммо Худонинг гувоҳлиги ундан муҳимроқ, бу эса Худонинг Ўз Ўғли ҳақида берган гувоҳлигидир. Ким Худонинг Ўғлига инонса, у ўз юрагида Худонинг гувоҳлигига эгадир. Худога инонмаган, яъни Унинг Ўз Ўғли ҳақида берган гувоҳлигига инонмаган киши Худони ёлғончи қилиб қўйган бўлади.

Худонинг гувоҳлиги шундан иборатки, Худо бизларга абадий ҳаёт берди. Бу ҳаёт эса Унинг Ўғлида мужассамдир. Ким Худонинг Ўғлига эга бўлса, ҳаётга эгадир. Ким Худонинг Ўғлига эга бўлмаса, ҳаётга эга эмас”. Ажойиб сўзлар. Бу ҳақиқатлар юракка ўқ каби қадалади. Хўш, пешонамизга ёзилган ҳаёт ўз нихоясига етганида нима бўлади? Масиҳийлар, Осмондаги Отамиз олдига бориш ҳақида айтишади. Бу ҳақда хаворий Павлус шундай дейди: “Яшасам ҳам, ўлсам ҳам, ҳар ҳолда хижолатда қолмаслигимга қаноат ҳосил қилдим. Ҳар доим бўлиб келганидек, ҳозир ҳам Масиҳ менинг вужудимда улуғлансин, деган умидда яна жасурлик билан фаолият кўрсатишга жазм қилдим. Мен учун ҳаёт – Масиҳдир, ўлим эса – ютуқдир. Агарда бу баданда яшаётганим менинг ишимга самара келтираётган бўлса, унда нима танлашимни ҳам билмайман. Мени униси ҳам, буниси ҳам тортади. Бир ёқдан тугаб, Масиҳ билан бирга бўлишни орзу қиламан, чунки бу жуда ҳам яхши бўларди.” Сизчи азиз дўстим, сиз ҳам, ҳаёт сўнгида шундай сўзларни айта оласизми?

Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top