3:27

Исонинг хушхабар айтиши

MP3

Салом азизлар. Шогирдлик, Исо Масиҳга бағишланишдан бошланади. Шогирднинг хоҳиш–истаклари Масиҳнинг хоҳиш–истаклари билан бир хил бўлади. Шогирд орттириш эса Хушхабардан бошланади. Бир одам шундай деган эди: “Масиҳий кишининг ҳаётдаги мақсади — жаннатни гавжум қилиб, дўзахни бўм–бўш қолдиришдир.” Хушхабарни тарғиб қилишда Исо Масиҳнинг Ўзи бизни бошқариши керак. Юҳанно баён этган Хушхабарнинг 4–бобида Исонинг қай тарзда Хушхабар айтганини кўрсак бўлади. “Исо йўл-йўлакай Самариядан ўтиши керак эди.”

Исо Масиҳ давридаги Фаластин юртининг харитасига қарасак, Қуддусдан Жалилагача энг қисқа йўл Самария орқали ўтар эди. Аммо одамлар бу йўлдан камдан–кам юришарди. Улар Самария орқали бормай, Қуддусдан Иордан бўйига тушиб, эгри–бугри дарё қирғоғи бўйлаб Жалилага боришарди.

Яҳудийлар самарияликлардан ҳазар қилишарди. Бунинг сабаби қуйидагича эди: Оссурия шоҳлиги шимолий Исроил юртини мағлуб қилганда, у ерда яшаган Исроилнинг ўнта қабиласини сургун қилган эди. Юртда қолиб кетган одамлар бошқа халқлар билан чатишиб кетиши натижасида самарияликлар вужудга келган эди. Шу сабабдан яҳудийлар улардан ҳазар қилиб, улар билан ҳатто мулоқот қилишни истамас эдилар. “Оқсуяк” яҳудийлар самарияликларга дуч келмаслик учун ҳар қандай узоқ масофани босиб ўтишга ҳам тайёр эдилар. Исо эса Самарияга бормоқчи бўлди. Нима учун? Нега У жирканч самарияликларнинг ҳудудидан ўтмоқчи бўлди? Чунки Хушхабар ҳамма халқлар учун эканлигини У кўрсатмоқчи эди. Худонинг хабари фақат танланган одамлар учунгина эмас, у ҳар бир эркак, ҳар бир аёл, ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ва ҳар бир ирқ учун мўлжалланган.

Масиҳга бағишланган ҳар бир шогирд бундан ўзига сабоқ олиши керак. Халқларга нажот хабарини етказишни — шогирд ўзига мақсад қилиши керак. У Нажоткоримиздан ўрнак олиб, “солиқчи ва гуноҳкорларнинг дўсти” бўлмоғи даркор. Афсуски, кўп имонлилар “дунёдан йироқ бўлишни” “дунёвий одамлар” билан алоқаларни узиш, деб тушунишади. Хушхабарни ёйиш — дунёвий одамлар билан дўст бўлишдан бошланади. Шогирд Муқаддас Китобдаги қонун–қоидаларга сидқидилдан риоя қилиши керак, бироқ одамларнинг ўзларича ўйлаб топган қоидаларини бажаришга мажбур эмас. Ўша китобнинг 9чи оятида: Самариялик аёл Унга шундай деди: “Яҳудийлар самарияликлар билан алоқа қилмайдилар.”

Масиҳ бу аёлга мурожаат қилиши билан: “Мен бутун дунё билан алоқа қиламан” – деган маънони англатаётган эди. Исо Ёқубнинг қудуғига етиб борганида, ниҳоятда чарчаган ва чанқаган эди. Унинг аҳволини тушуниш осон. У дам олиб, чанқоғини қондириши керак эди. Аммо У муҳтожлигини қондириш билан чекланиб қолмай, Хушхабар айтиш учун ўз аҳволидан фойдаланди. Исо дам олгани ўтирганда, қудуққа сув олгани келаётган бир самариялик аёлни кўриб қолди. Буни “яхши имконият” деб ҳам айтиб бўлмас эди, чунки бу аёл самариялик эди. Исо эса — яҳудий. Яҳудийлар самарияликлар билан алоқа қилмас эдилар. Бундан ташқари у — аёл, Исо эса эркак эди. Эркаклар аёллар билан мунозара қилмас эдилар. У аёл фоҳиша эди. Исо эса — солиҳ одам. Солиҳлар бузуқлар билан гаплашмасдилар. У аёлдан ҳамма юз ўгирган эди. Исо эса донг таратган Устоз эди. Бу аёл беобрў ва шарманда эди. Исо эса бу аёл билан гаплашиб, Ўз шаъниға доғ тушуриши мумкин эди. Лекин, шунда ҳам, Исо ўша аёлга Худонинг ҳақиқатини очиб берди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top