“Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр. Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир; Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган. Унинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти, Ўз ижод маҳсулию борлиқни яратганидан англашилади ва очиқ кўриниб туради. Шундай қилиб, уларнинг узрлари йўқ” (Рим 1). Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Римликларга йўлланган мактубни ўқир эканмиз, унинг биринчи бобидаёқ, хаворий Павлус “бетавфиқ” сўзини ишлатганини кўрамиз. Бу ерда ишлатилган бетавфиқ сўзи нимани англатади? Бетавфиқлиқ дегани фақат атеизм ёки бошқача қилиб айтганда Худонинг борлигига ишонмаслик дегани эмас.
Бетавфиқлик бу худди Худо йўқ деган фикр билан хаёт кечириб ва ўшанга яраша феъл атворга эга бўлишдир. Худони қабул қила олмаслик, Худони одамларга бефарқ эканига ишониш маъносини англатади. Хозирги замонимизда бундай холатни кўп учратиш мумкин. Хаворий Павлус ҳам, Римликларга йўллаган мактубида айнан шу холат хақида гапиряпти. Бетавфиқлик одамни нопок, ёвуз, худбин ва чорасиз қилиб қўяди. Худонинг севгисига эга бўлмаган одам чиндан хам шундай хаёт кечиришга одатланиб қолади. Нима учун биз одамлар бир биримизнинг қалбларимизни оғритамиз? Чунки биз тирик Худони писанд қилмаймиз. Хаворий Павлус ҳам ушбу оятда бетавфиқлик Худонинг ҳақиқатини яширади деб айтмоқда.
Хамма муаммо айнан шундадир! Худонинг ҳақиқатига мухтож бўлган бу дунёда, одамлар Уни яширади. Одамлар Худонинг ҳақиқатларидан уялиб, Уни ўз онгларига ва қалбларига киришига тўсқинлик қилиб қўйишади. Худди қоронғу уйда ёниб турган чироқ устини улар ёпиб қўйганига ўхшайди. Айнан шундай қилмишларга қарши Худонинг ғазаби тайёрдир. Одамлар бекитишга ёки яширишга харакат қилинаётган Худонинг ҳақиқати бу аввалам бор Худойимизнинг буюклиги ва Унинг чексиз хокимияти ҳақидаги Хушхабардир. Худо ҳақиқатини яшириш ва Унинг ғазаби ҳақида Аюб пайғамбар қуйидаги оятларни айтиб ўтган эди: “Ҳа, Худо доно ва қудратлидир, Ким Худога қарши чиқиб, Ундан устун бўлган?! Худо огоҳлантирмай тоғларни ағдаради, Ғазаб алангасида уларни йиқитади. Ерни жойидан қўзғатиб, силкитади, Замин устунларини титратади. Қуёшга амр берса, у нур сочмайди, Юлдузларнинг нурини ўчиришга қодир Худо У. Унинг Ўзи самони ёйган, Денгиз тўлқинларини топтаб юради. Ҳулкар юлдузини, Катта айиқ буржи ва Парвин юлдузларини, Бутун жанубдаги юлдуз туркумларини яратган Худодир У.
Инсон ақли бовар қилмайдиган буюк ишлар қилади Худо, У қилган мўъжизаларнинг сон–саноғи йўқдир. У ёнгинамдан ўтиб кетса ҳам, Мен Уни кўра олмайман. Ўз йўлида давом этиб кетаверади, Унинг ўтганини пайқамай қоламан.
У олиб қўяман, деса, ким тўхтата олади?! Ким Ундан: “Нима қиляпсан?” деб сўрай олади?! Худо Ўз ғазабини тутиб турмайди, Ҳатто махлуқ Раҳоб ёрдамчилари Унинг оёғи остида қалтирайди. Мен ким бўлибманки, Унга жавоб бера олсам, У билан баҳслашиш учун керакли сўзлар тилимга келса?!“ (Аюб 9). Ушбу гуноҳкор дунёда Худонинг ҳақиқатини сира яширманг. Унинг ҳақиқати қалбларни ёритиши керак. Унинг ҳақиқати юракларни ўзгартириб нажотга олиб келиш қудратига эгадир.
Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.