Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Инсон дунёга келиб ўз ақлини таниганидан бошлаб, дунёга келишдан мақсадини ва ҳаётдан ўз ўрнини қидира бошлайди. Ўрнини ва мақсадини топа олганлар яхшироқ ва бахтлироқ ҳаёт кечиради. Аммо унинг акси бўлса-чи? Бунда инсоннинг ўзи ҳам атрофидагилари ҳам азобланади. Демак, англаганингиздек, бугунги суҳбатимиз инсон ҳаётда Худо белгилаган ўрнини топиши ва эгаллаши ҳақида. Эътибор қилганмисиз, инсон ўз ўрнини тополмаса, ҳаёти тартибсиз бўлади. У қайси иш ва қайси жой унинг учун эканлигини билолмай, ишини ҳам, дўстларини ҳам, иш жойини ҳам ўзгартираверади. Аммо Худога шукурки, бизга буни англашга ёрдам берадиган Худойимиз бор. Сиз ўрнингизни топа олдингизми? Агар шундай бўлса, яхши, Худо мақсад билан сизга берган ўринни эгалланг. Уни эгаллашдан қўрқманг. Сиз Худонинг иродасидаги ўрнингизни эгаллаганингизда, жамоатингиз учун, ишингизда, яшаётган жойингизда муаммо бўлишингиз мумкин.
Narrator 2 Бундай пайтда одамлар сизга доим ёмон муносабатда бўлади ва сизга ёмон ёмон қарайди. Ишда ҳам, жамоатда ҳам, сиз яшаган жойда ҳам чақириқ ташлаган одамдай бўлишингиз мумкин. Шунда доимий ёмон муносабатдан, ёмон назардан чарчаб, ер тагига кириб, йўқолиб кетишни истаб қоласиз. Аммо бундай қилолмайсиз. Агар сиз Худо истаган ўринни эгаллаган бўлсангиз, бундан қочиб қутулолмайсиз. Барибир одамларнинг эътиборига тушасиз. Одамлар сизга ёмон назар билан қараганда, салбий эътиборга дуч келганингизда Худодан донолик сўранг. Худо бу вазиятда ўзимни қандай тутишим керак деб сўранг. Сизга бир ҳикоя айтиб бераман. Бир биродаримиз шундай дейди, “Ёшроқ бўлганимда оилам, хонадоним Худоники бўлишини истардим. Болаларим яхши бола бўлиб катта бўлишларини, ўзим яхши она бўлишни, эр-хотин муносабатларимиз ҳам Худо фарзандларига муносиб бўлишига тинимсиз ҳаракат қилардим.
Narrator 1 Бунинг учун китоблар ўқирдим, семинарларга қатнашардим, ёши катта аёллар билан маслаҳатлашардим. Яхшироқ Масиҳий, яхшироқ аёл, яхшироқ она бўлишга ҳаракат қилардим. Ўшанда болаларим ёш эди. Бир куни эндигина конференциядан қайтган эдим. Шунда болаларимга қандай қилиб яхшироқ бўлишимиз мумкинлиги ҳақида гапирдим. Катта ўғлим эса, “Она сизнинг конференцияга боришингизни ёмон кўраман”, деди. Шунда мен ўз имкониятим даражасида эмас, ундан юқорироқ даражада югураётганимни сездим. Мен ҳар сафар ўзимни бошқалар билан солиштираётган эканман. Бунинг натижасида эса, мен ўзимга ҳам, турмуш ўртоғим ва болаларимга ҳам тинчлик бермай, уларга қийинчилик бераётган эканман.” Бу ҳолат сизга ҳам таниш бўлса керак. Одам доим ўзини бошқалар билан солиштиради. У ўзидан яхшироқ ва ёмонроқ одамлар билан ўзини солиштиради.
Narrator 2 Ёмони шундаки, бундай инсон ўзининг ҳаётда яшаш мароми ва ўрнини билмайди. Солиштирганда доим бошқаларга тақлид қилиш пайдо бўлади. У юрагига қулоқ солмайди, Худога қулоқ солмайди. Кўпчилигимиз, бизни юксалтирадиган ва бизни ўсишимизга ёрдам бериб, бизни илҳомлантирадиган одамлар орасида бўлишни истаймиз. Аммо бизни камситадиган, доим камчилигимизни юзимизга соладиган одамлар орасида бўлишни ёқтирмаймиз. Биз бошқаларнинг ҳаёти билан ўз ҳаётимизни солиштирсак, жуда қийин вазиятга тушиб қоламиз. Бунда бизга Худонинг донолиги керак бўлади. Биз ҳаётимизни бошқаларники билан солиштиришга ўрганиб қолсак, бу нарса иккита ёмон оқибатга олиб келади. Биз ё ўша одам билан мусобақага киришиб, ҳар сафар уни мағлуб қилишга ҳаракат қиламиз, ёки биз ўз мақсадимиз, Худо бизга берган йўналишдан узоқлашиб кетамиз. Шу ёмон оқибатлар бизни ҳаётимиз изидан чиқариб юборишига йўл қўйманг.