Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Яқинда бир маълумотни ўқиб, ҳайратга тушдим. Агар сиз ҳам кутилмаганда бу хабарни эшитсангиз, ҳайратланишингиз табиий. Биз ёшлигимизда “Оламга саёҳат” кўрсатувини жуда севиб томоша қилардик. Бу кўрсатув нафақат ажойиб ҳайвонот оламига саёҳат қилдирарди, балки унинг машхур ҳаммага ёд бўлиб кетган мусиқаси бизни ўзига чорларди. Шу мусиқа бизни телевизор олдига югуриб боришга ундарди. Бу мусиқани ҳозир ҳам эшитсам, юрагим орзиқади, болаликка қайтгандек бўламан. Бу мусиқа одамнинг қалбини яхшиликка, ажиб ҳисларга тўлдиради. Бошқаларга қандай билмадим-у, мен ҳеч ҳам бу мусиқани эшитишдан зерикмаганман. Энди эътиборингизга мана шу мусиқа ҳақидаги энг асосий маълумотни ҳавола қилсам. Ўша “Оламга Саёҳат”, кўрсатуви учун тайёрланган мусиқа, Пол Мория оркестри жўрлигида чалинган мусиқа аслида Аргентиналик композитор Ариэл Рамиреснинг “Бизнинг Мавлудимиз” деб номланган мусиқасининг қайта ишланган кўриниши бўлган.
Narrator 2 Ариэл Рамирес эса бу мусиқани турли халқлар диний мусиқаларидан илҳомланиб ёзган, дейди Филип Рябих. Ариэл Рамиреснинг бу мусиқасининг шу қисми “Зиёрат”, деб аталади. Биз эса ўша атеистик даврлар ҳукм сурган бир пайтда ўзимиз билмаган ҳолда, Ариэл Рамиреснинг Исо Масиҳ туғилишига бағишланган “Бизнинг Мавлуд” деган мусиқасини севиб тинглаганмиз. “Оламга Саёҳат” кўрсатувини олиб борадиган журналист ва олим Николай Дроздов ҳам бугун ўз имонини яширмайди. У телевидениеда ҳам Муқаддас Калом ўқилишини йўлга қўйиш тарафдори. Яна бир қизиқ маълумотлардан бири бу Рим ҳукмронлиги даврида ер ости йиғилиш хоналарининг мавжуд бўлганидир. Рим ҳукмронлиги остида Масиҳийлар очиқчасига йиғилишлар қила олмаганлар. Улар доимо қувғинда ва назоратда бўлгани учун яширинча кечалари учрашишга мажбур бўлишган. Рим ҳукмронлиги остидаги ерлар юмшоқ ва оҳактошга бой бўлган.
Narrator 1 Рим тарихига назар ташласангиз, улар яқинларини ер ости қабрларига кўмишган. Рим ҳукмронлигига қарашли ерларни кавлаш мумкин бўлмагани сабабли ўша ерлик Масиҳийлар шаҳар ташқарисига чиқиб ўша ердаги шундай қабрларни кавлаб, ўзлари учун йиғиладиган жойлар тайёрлашган. Бу тор ер ости тунеллари шунчалик кўп бўлганки, ҳатто лабиринтдек чалкаш бўлган. Римдаги бундай ер ости йўллари ҳозир тахминан 800 метрга боради. Масиҳийлар вафот этган яқинларини ер ости йўлакларидаги деворларни ўйиб, кўмишган. Масиҳийлар юқорида айтиб ўтганимиздек, таъқибчилардан яшириниш учун мана шундай ер ости қабрларида йиғилишган. Римликлар учун бундай қабрлар муқаддас саналиб, уларни излаш учун ер остига тушишмасди. Бидъатчи Римликлар ўлганларнинг руҳларидан қўрқишарди. Шунинг учун бундай ер ости қабрларига фақат яқинлари вафот этгандагина тушишарди.
Narrator 2 Исроил халқи Мисрдан чиққанидан кейин тўхтаган жойларидан бири бу Эйлим водийси эди. Улар бу тўхтаган жойларидан ўн иккита булоқ ва етмишда хурмо дарахтини топишган. Саҳро ўртасидан юриб бораётган исроилликлар учун бу катта байрам бўлгани аниқ. Бугун эса олимлар инсон бир неча йиллар давомида фақат сув ва хурмо билан яшаши мумкинлигини исботлаб беришди. Диетологларнинг фикрича, кунига биргина хурмо еб инсон танасининг бир кунлик минимал талабини қондириш мумкин. Ўша чўлда учрайдиган бу хурмо тури инсон организми саломатлиги ва мия ишлашига керакли бўлган энг зарур микро элементларга бой экан. У ер юзидаги энг шифобахш мевалардан бири ҳисобланади. Овқат ҳазм қилишни яхшилайди, юракда қон айланишини яхшилайди. Араб хурмоси иштаҳани пасайтиради.