Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон жуда мураккаб тузилган хилқат. Инсон ўрта ёшга борганида организми ва руҳиятида кечадиган ўзгаришлардан боҳабар бўлиши ва ёмон иллатларига енгилмаслиги, аксинча бу ёшни ҳам донолик билан босиб ўтишга ҳаракат қилиши лозим. Шундай экан, бугун ўрта ёш инқирози пайтида айнан нималарга эътибор қаратиш ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ўрта ёш инқирози нафақат шахснинг ўзи балки оила аъзолари учун ҳам мураккаб синовдир. Ўзларининг ҳаётдаги муваффақиятсизликлари сабабини кўпчилик оилада, деб биладилар. Ўзининг навқирон йилларини бахш этган оила аъзолари эса гўё уни етарлича қадрламаяпти, ўтган умрининг бадалини тўламаяпти, умидларини оқламаяпти. Айтганча, оқланмаган умидлар жуда қўрқинчли нарса. Шу пайтгача қилган орзуларининг фақат рўёбга чиқмаганлари хаёлга келади, умидлар эса ҳеч ҳам оқланмагандек.
Narrator 2 Нимадир қилиш керак, аммо нима? Баъзи эркакларда 45-50 ёш оралиғи ишдаги муаммолар, кескин бурилиш, букилиш ва ҳатто синиш даврига тўғри келади. Айримлар, хусусан ҳарбий соҳа вакиллари бу ёшда нафақага чиқадилар. Шу пайтгача ўзлари буйруқ бериб келган, мартаба ва мавқеи анча паст бўлган одамлар билан энди бир қаторда туришга, улар билан тўй-ҳашам, таъзия у ёқда турсин, кундалик турмушда ҳам тенг муомала қилишга мажбур бўладилар. Бу катта стресс. Бошқа соҳа вакилларининг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Энди атрофдагиларни, бошлиқларни бирор нарса билан лол қолдириш қийин. Чунки қўлларидан нима келиши мумкинлиги, нималарга қодирликларини аллақачон намоён этиб бўлганлар. Ортиғини ҳеч ким кутмайди ҳам. Ортларида эса ёш авлод ўсиб келаяпти. Ана, ҳаммаси шундан бошланади!
Narrator 1 Эътибор беринг, бундай вазиятга эркак дош бера олмайди, аёл эмас. Чунки аёл киши учун ишдаги муваффақият биринчи ўринда турмайди. У оиласи тинч, болалари соғ бўлишини кўпроқ ўйлайди. Шунинг учун ишдаги омадсизликлар аёлнинг оилавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатган ҳолатлар кам учрайди. Хўш, унда оиладаги инқирозга фақат эркак сабабми? Йўқ, албатта. Айнан 45-50 ёшларида аёлларда гормонал ўзгаришлар рўй бериши, климакс ва унинг аёл руҳиятига таъсири ҳақида кўпчилик билади. Шу ҳолат аёл кишининг асабларини таранг тортилишига олиб келади. Энди у 25-30 йилдан бери чидаб келаётгани — эрининг инжиқликларига дош бера олмай қолади. Унга ҳам битта гап кам, иккитаси эса кўп. Унинг ҳам сабр косаси тўлган. Ёши ўсгани сайин муаммолари ҳам катталашиб бораётган фарзандлари етмаганидек, эри ҳам улкан бир муаммога айлангани уни тажанг қилади.
Narrator 2 Натижада, оила турли зиддиятлар ва жанжаллар исканжасида қолади. Кўпинча, бир неча ўн йилларни ёнма-ён ўтказган эр-хотин кун келиб бир-бирига умуман бегона эканлигини сезиб қолишади. Улар фақат фарзандларнинг ота-оналари, аммо бир-бирлари учун ҳеч ким. Кимдир исён қутаради, кимир эса… Бир сўз билан айтганда, оиладаги мувозанат йўқолади. Инқирозли вазиятда аввало сабр қилиш ва кескин қарор ҳамда амаллардан ўзни тийиш лозим. Тақдирга тан берманг, муносабатларни сақлаб қолишга киришинг. Аммо эр-хотиннинг ақли ва сабри етса, оила бу инқироздан эсон-омон ўтиб, янада мустаҳкамланади. Ҳаётингизни турли қувончли дамлар билан бойитинг, ўзингиз учун ҳам яшанг. Эр-хотин бирга дам олишга боринглар, маданий ҳордиқ чиқаринглар.