Narrator 1 Ассалому алайкум. Ким ҳам ҳаётида қийинчиликка учрашни ёки азобларга дуч келишни истайди, дейсиз?! Ҳеч ким. Аммо Худонинг иродасини тушуниб борганингиз сари, азоблар ва ҳаётимиздаги қийинчиликлар бизни чархлашини билиб оламиз. Азоб – Худо иродасининг бир қисми эканлигини тушуниш йўлида бир нечта тўсиқлар мавжуд. Масиҳийча ҳаёт – бу бизнинг юриш-туришимиз, деган фикр асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Агар бирор кимсадан биз масиҳийларга таъриф беришини илтимос қилгудек бўлсак, одатда биз қуйидагича жавобни эшитишимиз мумкин: “Масиҳий -бу шундай одамки, у мунтазам равишда жамоатга боради, у ерда Худога ҳамду санолар куйлайди, ибодат қилади, қурбонликлар келтиради, Муқаддас Китобни ўқийди ва ўз эътиқоди ҳақида бошқаларга сўзлайди”. Турли одамларда, сўзсиз, бундай рўйхат турлича бўлади. Кимлардир: “У спиртли ичимликлар ичмагани, чекмагани ва уришиб сўкинмагани учун ҳам масиҳий ҳисобланади”, деб айтадилар.
Narrator 2 Бошқалар эса масиҳийларга шундай таъриф берадилар: “Бундайлар безори йигитлар билан санғиб юрмагани ва кечалари тунги клубларда дайдимагани учун ҳам масиҳий ҳисобланади”. Бироқ масиҳийча ҳаёт бизнинг юриш-туришимиз билан белгиланмайди. Масиҳийча ҳаёт Исо Масиҳ хочда биз учун нима қилганлиги, шунингдек, Уни ўзимизнинг Қутқарувчимиз деб тан олиб, биз ким эканлигимиз билан белгиланади. Шундай қилиб, масиҳийча ҳаёт Муқаддас Руҳнинг бошчилиги ва Унинг кучи туфайли биз ким бўлганлигимиз билан белгиланади. Албатта, одам Масиҳга қанчалик кўп ўхшаса, унинг ҳаёти шунчалик кўп ўзгаради. Унинг янги ҳаётида қандайдир қилиқларга ва ножўя ҳаракатларга ўрин қолмайди. Имонлида Масиҳнинг тўлиқ ҳаёти албатта хизматда, Худони улуғлашда ва Унга шукроналар айтишда намоён бўлади. Ҳақиқий масиҳий киши Худонинг севгисига жавоб беради.
Narrator 1 У барча вазиятларда агар унинг ўрнида Масиҳ бўлганда қандай йўл тутадиган бўлса, айнан шундай ҳаракат қилади. Аммо Худонинг йўлида синовларни тушунишимизга баъзи нарсалар ҳалал беради, яъни тўсқинлик қилади. Биринчи тўсиқ бу – ўзбилармонлик. Синовлар даврида сиз дуч келишингиз мумкин бўлган энг катта муаммо – бу масиҳий бўлиш ва масиҳийча ҳаёт кечириш нима эканлигини тўғри англаш. Масиҳий учун энг муҳими – қандайдир ишларни бажариш эмас, Исо Масиҳ билан мулоқот қилишдир. Турлича ишлар – бу Унинг ташвиши. Исо аста-секин бизни Ўзига ўхшатиб, янгилаш билан машғул бўлади. У бир шахсдаги ҳам муаллиф, ҳам муҳаррир. Бизнинг ҳаётимиз тўлиқ Унинг иродасига мос келиши учун Унинг Ўзи бизнинг ҳаётимизни ўзгартиради. Сиз гуноҳкор табиатингизни ўзингиз ўзгартира олмайсиз.
Narrator 2 Ойнага қараб туриб: “Бугун мен ўзимни барча гуноҳлардан поклайман ва менинг ҳаётим тўлиқ ўзгаради”, деб айта олмайсиз. Бунинг асло иложи йўқ. Кўпчилик ўзини руҳан ўзгартиришга интилади, аммо уларнинг ҳаммаси бир хил хулосага келадилар: “Бундай қилиш ўзимнинг қўлимдан келмас экан”. Фақат Исо Масиҳ одамни поклаб, унинг юрагини ўзгартиришга қодир. Фақатгина Худо бизга юборган Муқаддас Руҳгина тўғри қарор қабул қилишни ўргатиши мумкин, биз тўғри йўл танлай олишимиз учун онгимизни ёритишга, юракларимизни юмшатишга қодир. Эътибор қилсангиз, агар Худованд бизга куч бермаса, биз ҳатто Унга ҳамду-сано айтишга ёки улуғлашга ҳам қодир эмасмиз. Биз – лой, У эса – кулол эканлигини доимо ёдимизда тутишимиз даркор. Ўзимизни Унинг қудратли ва меҳрибон қўлларига топширсак, У турли фойдали қийинчиликлар орқали биздан ажойиб керакли идиш тайёрлайди.