3:32

Худонинг Нуҳ билан Ахди

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Агар Эски Ахд китобини ўқисак, бир нечта жойда Худованд Ўз фарзандлари билан ахд тузганини ўқиймиз. Бир савол туғилади: Нега Худованд инсонлар билан ахдлашган? Бунга сабаблар турлича, чунки Унинг ҳар бир ахдининг сабаби ва ўзига ҳос маъноси бор. Бугун Худонинг Нух билан қилган ахди ҳақида гаплашамиз. Агар бизнинг суҳбатимизни тингласангиз, Худонинг қанчалик меҳрибон ота эканини кўриб ҳайрон қоласиз. Мен бу ахд ҳақида кўп марта ўқиганман, аммо Унинг бу қадар кучли, бироқ оддий маъноли экани ҳаёлимга ҳам келмаган эди. Демак, Ибтидо китобининг шу парчасини бир эслаб ўтайлик. “Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига марҳамат қилиб, уларга деди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдиринглар. Ер юзидаги жамики ҳайвонлар, …денгиздаги ҳамма балиқлар сизлардан қўрқиб, ҳуркадиган бўлади.

Narrator 2 Буларнинг ҳаммаси устидан сизлар ҳукмрон бўласизлар. Ўтни ва сабзавотларни сизларга емиш қилиб берганим сингари, ҳамма тирик жонзотларни ҳам сизлар учун емиш қилиб бераман. Лекин этни қони билан емайсизлар. Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига яна гапирди: “Мен энди сизлар билан ва сизларнинг авлодингиз билан аҳд қиламан. Сизлар билан кемадан чиққан ҳамма тирик жонзотлар — қушлар, чорва, ер юзида яшовчи ҳамма жониворлар билан ҳам аҳд қиламан. Сизлар билан қатъий аҳд қиламан: бундан буён барча жонзот тўфон туфайли қирилиб кетмайди, ер юзини қириб битирадиган тўфон бошқа ҳеч қачон бўлмайди, деб ваъда бераман. Сизлар билан, жамики тирик жонзотлар билан қилаётган абадий аҳдимнинг аломати шу бўлади: Мен булутлар орасида Ўз камалагимни ҳосил қиламан. Бу камалак Менинг олам аҳли билан қилган аҳдимнинг аломати бўлади. Ана ўшанда Мен Ўзим билан сизлар ва ҳамма тирик жонзотлар ўртасида қилган аҳдимни ёдимда тутаман.

Narrator 1 Тўфон энди ҳеч қачон жамики жонзотларни йўқ қилмайди. Камалак булутлар орасида турганда, Мен камалакни кўриб, ер юзидаги тирик жонзотлар билан Ўзим қилган абадий аҳдимни ёдимда тутаман.” Жуда ажойиб. Бу Ахднинг маъносини билиш учун озгина олдинроққа қарасак. Худо Борлиқни яратганида ер устидаги сувни ер остидаги сувдан ажратди. Нухнинг замонигача одамлар бундай кучли ёмғир, тўфон ёки катта селни ҳеч қачон кўрмаган эди. Худованд Нухга кема қуришни буюрганида, бу жуда кулгили эшитилган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, унгача ҳеч қачон бундай ёмғир бўлмаган. Энди кема битганидан кейин Худо “Кир” деди ва 40 кечаю 40 кундуз тинмай ёмғир ёғди. Кейин яна сув ортга қайтиши учун бир йил вақт кетди. Шунчалик кўп сувни улар умрида ҳам кўрмаган эди. Бу улар учун янги бир нарса, янги қўрқув эди. Қанча вақт улар сувда юришини ҳам билмаган. Шунга қарамай, улар имон билан охиригача Худога суянди.

Narrator 2 Сув қуригандан кейин, Худо “чиқ” деди ва юқорида эшитган ахдимизни берди. Бу Ахдга кўра, улар ували-жували бўлиши, ер юзига тарқалиши керак эди. Бироқ Нух билан унинг оиласининг аҳволини тасаввур қилинг. Улар ўзлари билмаган ерга келиб қолдилар. Яна тўфон бўладими йўқми, буни ҳам аниқ билмасди. Янги жой бўлгани учун улар узоққа кетишга қўрқардилар. “Яна ер юзини тўфон босса, кемага кириб оламиз”, деб кемага яқин ерда яшашни истаган. Аммо Худо уларнинг қўрқувини хисобга олиб, меҳрибон Ота каби, фарзандларидаги қўрқувни йўқотиш учун ахдлашди. Аввал бу ҳақида ҳеч ўйламаган эканман. Худонинг Нух билан қилган Ахди Худонинг ваъдаси, ваъдасидан олдинги берилган амрлари, буйруқларини эслатиш учун, Худога боғлиқ бўлиш учун ва доим Унга суянишимиз учун берилган. Худо сизни шундай оталик юраги билан севади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top