Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Ёдингизда бўлса, ўтган сафар ўсмирлар тарбиясида учрайдиган мумммо ва саволларга жавоб беришни бошлаган эдик. Ҳар бир ота-онани қийинчиликка солиб қўядиган бир савол бор, “Нега бола ўсмир ёшига келганида пассив бўлиб қолади?” “Нега у ҳеч нима қилишни истамайди?” Бунга жавоб беришни бир бола мисолида кўриб чиқаётган эдик. Демак, шу бола мисолида ҳамма ўсмирларнинг ҳаётига назар ташлаймиз. У энг яхши мактабда ўқийди, ўқитувчилари ҳам яхши, аммо дарслар унинг учун зерикарли. Унинг яқин ўртоқлари йўқ, келажакка режалари ҳам, қиз ўртоғи ҳам йўқ. Агар унинг жавобларига қарасангиз туппа-тузук болага ўхшайди. 3 ёшлигидан сузиш тўгарагига борган, ҳозир иккита спорт тўгарагига боради, ундан ташқари репетиторга ҳам боради. Аммо нега у ҳеч нарса қилишни истамайди? Унинг айтишича, у истайдиган нарса гитара чалиш.
Narrator 2 Бу боланинг оиласига қараб шундай сурат чизамиз. Онаси фаол, ҳаракатчан, оилада фақат у пул топади. Эри билан боласи 5 ёшда бўлганида ажрашган. Уйда уч кишини онаси, ўғли ва ўзини бошқиши керак. Уйда бувиси ҳамма уй ишларини қилади. Бола бувисининг гапига қулоқ ҳам солмайди. Онаси боласига ҳамма керак бўлган нарсасини олиб беришга ҳаракат қилади. Боласи эса бахтли эмас. Онаси эса, “Болам ҳеч нарса қилишни истамайди”, дейди. Қачон бирор нима истасин. Ахир унинг учун ҳам онаси ҳамма нарсаларни истаб олиб бериб қўйибди-ку?! Шу болача кичиклигидан истаган нарсасини олишга ўрганиб қолган. Бошқа машинача истайдими, онаси ишдан келаётганда олиб келади. Бундай оилада ўсадиган болалар ёки ҳамма нарсаси вақтида мухайё бўлади, ёки рад жавобини эшитишади, “Сенга машиначани нима кераги бор? Китобингни ўқидингми? Йўқ сенга машина.” Мана шу билан орзу қилиш ҳам тўхтатилади.
Narrator 1 Бундай ҳеч нима қилишни истамайдиган болаларнинг ҳамма нарсаси бўлади. Масалан, энг янги смартфонлар, охирги моделдаги жинси шимлар, бир йилда тўрт марта денгизга саёҳат ва бошқа нарсалар аллақачон улар учун муҳайё қилиб қўйилган. Боланинг ичидаги ижодий эҳтиёж бўғиб қўйилган. У ўзига бошқа машғулот ўйлаб тополмайди. Унинг ўзи қарор қилишига йўл қўйишмаган. Ота-оналар биз бу бола учун ҳамма нарсани қилиб бераяпмиз, деса бола – ҳеч нарса қилганингиз йўқ дейди. Ота-оналар қўрқув билан яшайди, чунки инсон психикаси яқинларига бирор нима бўлиб қолсачи, деган қўрқувга тўла бўлади. Телевизорда турли қотиллик, одам ўғрилари ҳақида гап кетганда, оналарнинг юрагига баттар ғулғула тушиб, ўсиб келаётган боласини тергайди ва кўп нарсадан сиқиб, таъқиқни кўпайтириб юборади.
Narrator 2 Кейин эса ота-оналар болаларига эшиттириб, “Мен унинг ёшида қаерга ўқишга киришимни аниқ билардим, у эса ҳали ҳам ўйинчоқ ўйнаб ўтирибди. Мен учинчи синфда бўлганимда ўзим мустақил уй вазифаларимни қилардим, уни эса қўлидан ушлаб столга ўтирғизмасанг, овқатланишга ҳам келмайди”, дейишади. Болалар ота-оналарининг йўлини босиб ўтишлари шарт эмас. Ота-оналардан болалари ҳамма ишни ўзлари қилишларини, қулоқ солишларини, бир ишни ўзлари бошлашларини, кейинчалик ҳаётда керак бўладиган тўгаракларга боришларини, худбин бўлмай зийрак ва ғамхўр бўлишларини исташади. Аммо бундай идеал бола бўлмайди. У ё талантли мусиқачи аммо жисмонан спортга нўноқ бўлади, ё ўртамиёна ўқийдиган спортчи бўлади. Болани уйга қамаб қўйсангиз, у ўз ўзидан ўйинлар ўйлаб топишни, ўзини ҳимоя қилишни ўрганиб қолмайди.